Марказий Осиё минтақасида сув ресурсларига бўлган  босим янада кучаяди. 21 ноябрь куни Европа Иттифоқининг қўллаб-қувватлаши остида Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган сув  ресурслари муҳофазасига бағишланган анжуманда Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (МОИЭМ) ижрочи директори Искандар Абдуллаев шундай фикр билдирди. Тадбирда қатнашган KUN.UZ мухбири шу ҳақида хабар берди.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, Марказий Осиё минтақаси захира бойликлари зич жойлашган минтақа бўлиб, унда сув ресурсларининг иқтисодиётга таъсири юқори. Яқин йилларда сув ресурсларига бўлган босим фақат ошиб боради. Демографик ва иқтисодий омиллар сув ресурсларига бўлган босимни белгиловчи омиллар ҳисобланади.

"Ҳозирда Марказий Осиё мамлакатлари аҳолиси сони 60 миллион кишини ташкил қилаётган бўлса, 2050 йилга бориб, бу кўрсаткич 90-100 миллион нафарга етади ва табиийки, минтақа сув ресурсларига нисбатан босим янада кучаяди. Шу билан бирга, ушбу минтақа иқтисодиёти ҳам ўсиб бораётганини таъкидлаш жоиз - ҳозирда Марказий Осиё мамлакатларининг умумий ЯИМ 450-500 миллиард долларни ташкил қилаётган бўлса, у йилига 2-3 миллиард долларга ўсади. Шундай экан, сув ресурсларига нисбатан иқтисодий босим ҳам кучайиб боради", - дейди Искандар Абдуллаев. 

Унинг таъкидлашича, Марказий Осиё минтақасида сув ресурсларидан норационал фойдаланиш муаммоси ҳануз долзарб. Бунга Абдуллаев Орол денгизини мисол сифатида келтирди. 

"Бир авлод давомида қуриб кетган Орол денгизи бунга яққол мисол бўла олади. Таъкидлаш жоизки, биз ҳозир керагидан ортиқ сув истеъмол қиляпмиз. Шундай экан, мамлакатлар олдида нафақат эскирган инфратузилма, балки бошқарув институтлари ислоҳотлари масаласи ҳам турибди. Биз бу ўзгаришларнинг зарур эканини англаб етишимиз керак. Қишлоқ хўжалиги ва энергетика сувдан мустақил бўлиши учун, сувга тобеъликдан сув ресурсларидан янада тежамли фойдаланишга ўтиш керак бўлади", - дейди мутахассис.