Россия Федерация кенгаши аъзоси, россиялик тадбиркор ва миллиардер Сулейман Керимов француз полицияси томондан Франциянинг жанубидаги Ницца шаҳрида ҳибсга олинди. Бу ҳақда Россиянинг Франциядаги элчихонаси матбуот хизматида маълум қилинди.   

Керимов 20 ноябрда кечки вақт Ницца аэропортида ушланган ва полиция бўлимига олиб борилган. “Юз берган воқеа ҳақида маълум бўлгандан кейин Россиянинг бош консуллиги ходимлари Ницца аэропортига йўл олганлар. Улар Керимов билан учрашишга эришганлар”, дейилган хабарда.

Керимовга қандай айбловлар қўйилаётгани расман маълум қилинмаган. Сенатор ҳозир Ниццанинг полиция бўлимларидан бирида ушлаб турилибди. У Францияда қанча вақт ушлаб турилиши ҳақида ҳам маълумот берилмаган.

“Айни вақтда Россиянинг барча консуллик хизматлари француз ҳукумати билан алоқада бўлмоқда. Россиялик сенаторга барча имкони бор кўмак кўрсатилмоқда”, дейилган Россия элчихонасида.

Сулейман Керимов доғистонлик бўлиб, “Нафта Москва” молия-саноат гуруҳини назорат қилади. Forbes талқинига кўра, Керимовнинг бойлиги 2016 йилда 1,6 млрд долларга баҳоланган.