БМТнинг Бош ассамблеяси ва Хавфсизлик кенгашида 20 ноябрда 2018-2026 йиллар учун Гаагадаги Халқаро суднинг 15 аъзосидан 5 аъзосини сайлаш жараёни якунланди. Сайланганлардан 4 нафари, жумладан суд раиси, франциялик Ронни Абраам ўз лавозимларини сақлаб қолдилар. Ливан вакили Наваф Салом суд таркибига илк бор киритилди.

Қолган сайланганлар орасида бразилиялик Антониу Аугусту Кансаду Триндаде, сомалилик Абдулкави Аҳмад Юсуф ва ҳиндистонлик Далвира Бхандари бор. Сайлов натижаларини БМТ Хавфсизлик кенгаши раиси Себастьяно Карди маълум қилди ҳамда сайланганларни табриклаб, уларга бу масъулиятли ишда муваффақият  тилаб қолди.

Халқаро суд 1945 йилда таъсис этилган ва БМТнинг олтита бош органидан бири ҳисобланади. Унинг ваколатларига давлатлар ўртасидаги баҳсларни ҳал қилиш ва БМТнинг структураларига маслаҳатлар тақдим қилиш киради. Суд 15 судьядан иборат бўлиб, улар 9 йиллик муддатга сайланадилар. 

Ўрнатилган тартибга кўра, Халқаро суд аъзоларининг сайловлари Бош ассамблея ва Хавфсизлик кенгашида бир вақтда бир-биридан алоҳида ўтади. Судга сайланиш учун номзодлар Бош ассамблеяда (193 овоздан камида 97 овоз) ва Хавфсизлик кенгашида (15 овоздан камида 8 овоз) кўпчилик овозни йиғишлари керак.