Халқаро жиноят судининг етакчи терговчиси Фату Бенсуда Афғонистонда инсониятга қарши жиноятлар ва ҳарбий жиноятлар содир этганлиги бўйича ҳуқуқий рухсат берилишини сўради. Бу ҳақда ХЖС маълум қилмоқда. 

ХЖС эълон қилган баёнотга мувофиқ, тергов жараёни 2003 йил 1 майидан бошлаб Афғонистонда ноқонуний равишда содир этилган жиноятларни, шунингдек, 2002 йил 1 июлидан эътиборан шу ишга алоқадорлиги гумон қилинган бошқа жараёнларни ҳам ўрганади. Тергов вақтида Покистонда ҳам фаолият юритувчи Толибон ва Ҳаққоний тармоғи, Афғон Миллий хавфсизлик кучлари, Хавфсизлик миллий бошқармаси аъзолари ҳамда Афғон миллий полицияси фаолияти тафтиш қилинади. 

“Афғонистондаги вазият 2006 йилдан буён прокурорлар томонидан кузатиб келинади”, дейилади баёнотда. “Мавжуд маълумотлар чуқур ва жиддий ўрганиб чиқилганидан сўнг, прокурорлар Афғонистондаги вазият бўйича суриштирув ишларини бошлашга асосли далиллар бор, деб ҳисобламоқда”.

Тергов давомида Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқдошлари томонидан содир этилган ҳарбий жиноятлар ва инсон ҳуқуқларини поймол қилиш ҳолатларини ҳам ўрганади. Бунда Марказий разведка бошқармаси фаолияти ҳамда унинг Афғонистондаги махфий бўлинмалари фаолиятига жиддий эътибор қаратилади. 

Black sites деб аталувчи қурилма ва иншоотлар МРБ томонидан 11 сентябрдаги воқеалардан кейин террорчиликда гумон қилинганларни сўроқ қилишда кенг фойдаланилган. У ерларда маҳбуслар турли хил қийноқларга солингани бир неча бор ўз исботини топгани айтилади. 

Қийноққа солиш усуллари орасида сув билан қийнаш бўлиб, бунда бирор материал маҳбус устига қопланади ҳамда устидан сув қуйилади. Шу билан одамнинг чўкаётганидек ҳиссиёт пайдо бўлади. Бундан ташқари, ухлатмаслик, асабий-руҳий зўравонликлар кабилар киради. 

МРБнинг бу каби қамоқхоналари Польша, Руминия, Тайланд ва Афғонистонда ташкил этилган.