Хоразм вилоятининг Урганч тумани Бекобод қишлоғида мудҳиш қотиллик юз берди. Қишлоқ чеккасидаги уйдан чиқаётган шовқинга ҳеч ким эътибор бермас, эр-хотиннинг ҳар кунги ўзаро жанжаллашишига ҳамма кўникиб қолганди. Лекин бир кун келиб бу хонадонда шовқин тиниб, кимдир йўқлик сари юз тутишини ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмаганди, деб ёзмоқда ЎзА.
 
Қайд этилишича, маст ҳолда уйга келган эр қўлига пичоқ олиб, аёлининг дуч келган жойига ураверган. Ўзига келгач, қилмишининг оқибатидан қўрқиб, мурдага бензин сепиб ёқиб юборган. 

“Аслида шундай бўлмаслиги мумкин эди, деган ўй одамга тинчлик бермайди. Қўни-қўшни, маҳалла-кўй эр-хотиннинг ўзаро низосига бефарқ қарамаганида, уларнинг муаммосига ечим топишга кўмаклашганда бу мудҳиш воқеа содир бўлмасди”, - дейилади хабарда.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 10 ойида содир этилган қотиллик жиноятларининг 165 таси эр-хотин ва қайнона-келинлар ўртасида, 66 таси қўни-қўшнилар ўртасида оддийгина маиший келишмовчиликлар оқибатида келиб чиққан.