“Тараққиёт стратегияси” Маркази ташаббуси билан ташкил этилган янги  «Иқтисодий Газета» ижтимоий-иқтисодий газетасининг тақдимот маросимида ана шундай фикрлар билдирилди.

18 ноябрь куни “Тараққиёт стратегияси” Маркази ташаббуси билан ташкил этилган “Иқтисодий Газета” ижтимоий-иқтисодий газетасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Биринчи сони 5 минг нусхада чоп этилган ушбу нашрни 2018 йилдан бошлаб 30 – 35 минг нусхада чоп этиш кўзда тутилган.

– Ҳозир юртимизда миллий иқтисодиёт ривожланиб, тадбиркорларнинг янги қатлами шаклланаяпти, – дейди газета бош муҳаррири. – Уларга жаҳонда рўй бераётган иқтисодий ўзгаришлар, янгиликлар ҳақида тезкор маълумотлар етказиб бериш ниҳоятда муҳимдир. Тан олишимиз керак, бугун уй ёки офисидан чиқмай хабар тайёрлайдиган журналистлар даври ўтди. Биз журналистлардан халқ орасида юриб, ютуқлар, улкан натижалар билан бирга одамлар дардини эшитиш ва долзарб масалаларни ҳал этишга ҳисса қўшиш талаб этилаяпти. Мамлакатимизнинг «Халқ сўзи», “Правда Востока” “Ўзбекистон овози” сингари отахон нашрларидан ҳар қанча ўргансак арзийди. Аммо биз дунё тан олган Financial Times, Ведемости, Коммерсантъ сингари газеталар даражасига етишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик. Чунки бугун матбуот учун юртимизда керагича шароитлар яратиб берилди.

Бундан фойдаланмасак, ўқувчиларни газета ўқимасликда ноҳақ айблаб юраверсак, баъзи нашрларга ўхшаб 2-3 минг нусхада чиқаверамиз. Ваҳоланки, бугунги янгиланишлар даври барча соҳалар қатори миллий матбуотимизга ҳам ўз салоҳияти ва иқтидорини намоён этишга имкон бераяпти.

Тақдимот маросимида “Тараққиёт стратегияси” Маркази ижрочи директори Акмал Бурханов керак бўлса ушбу газетани ҳафтада 2-3 марта чоп этиш лозимлигини, чунки ҳар куни  бирор муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинаётганини қайд этиб, уларнинг туб моҳиятини аҳолига етказиш жуда катта аҳамият касб этишини таъкидлади.

Сиёсий шарҳловчи Қуддус Аъзам эса мамлакатимизда газета-журналлар кўплигини, аммо юртдошларимиз хоҳиш-истаги ва талабини қондираётган нашрларга бўлган эҳтиёж юқорилигича қолаётганини айтди. “Жамият” газетаси бош муҳаррири Бегзод Шукуров ва Ўзбекистон Либерал-демократик партияси раиси ўринбосари Дилшод Шоумаровлар иқтисодий соҳага ихтисослашган давлат тилидаги нашрга эҳтиёж сезилаётган бир пайтда “Иқтисодий Газета”нинг пайдо бўлиши бугунги куннинг талаби, –  дедилар.

“Мамлакатимиздаги ўзгаришларни бутун дунё жуда катта қизиқиш билан кузатаяпти. Айниқса иқтисодиётимиздаги ўзгаришларга бўлган қизиқиш ниҳоятда баланд. Шунинг учун ҳам  2019 йилда газетанинг рус ва инглиз тилидаги нашрини йўлга қўймоқчимиз. Умид қиламизки, газетамиз иқтисодчилар, тадбиркорлар билан ҳукуматимиз ўртасидаги ишончли кўприкка айланади”, – дея қўшимча қилди бош муҳаррир.

Янги нашр Марказий Осиё мамлакатларида ҳам мухбирлик пунктларини очмоқчи.

Фото: Иқтисодий Газета
Миродил Абдураҳмонов

“Иқтисодий Газета” ижтимоий-иқтисодий  газетаси бош муҳаррири ҳақида:

Миродил Абдураҳмонов Тошкент Давлат университетини тамомлаган. 1981 йилдан бери журналистика соҳасида ишлайди. Узоқ йиллар “Мулкдор” иқтисодий газетаси ва “XXI аср” ижтимоий-сиёсий газеталарида бош муҳаррир вазифасида фаолият олиб борган. “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.