Қозоғистонда вояга етмаган қизлар ўртасидаги ҳомиладорлик ҳолатлари бўйича статистика Бутунжаҳон бола кунига бағишланган халқаро анжуманда тақдим этилди. Маълумотлар БМТнинг аҳолишунослик бўйича жамғармаси билан ҳамкорликда олиб борилган ишлар орқали олинди, деб хабар бермоқда хонанда ва «Қиз тағдири» ижтимоий лойиҳаси вакили Акмаржон Кушербоева. Бу ҳақда BNews.kz ёзмоқда.

«Ҳар куни дунёда 20 минг вояга етмаган қиз фарзандли бўлади. Қозоғистонда эса болаларни Европа билан таққослаганда олти мартага кўпроқ дунёга келтиришади. Кўпчилик қизлар ҳомиладор бўлиб қолиб мактабни ташлаб кетишади, ҳамда улар таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлади, кейинчалик эса бу нафақат ўзининг, балки фарзандларининг соғлиғини қўллаб-қувватлашга халақит беради. Ҳар йили ҳомиладорлик давридаги асоратлар ва туғруқ жараёни туфайли 70 минг вояга етмаган қиз вафот этади. Шундай онадан дунёга келган болада ҳаётининг биринчи ойида вафот этиш эҳтимоли ёши катта оналарга қараганда 50 фоизга кўпроқ», - дея айтиб ўтди Акмаржон Кушербоева.

Тақдим этилган статистикага кўра, Қозоғистон МДҲда барча ёшлардаги аёллар, қизлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари сони бўйича биринчи ўринни эгаллайди.

«Ўз жонига қасд қилиш – бутун дунёда вояга етмаган қизлар ўртасида ўлим ҳолатларининг асосий сабабидир. Бизнинг давлат МДҲда барча ёшлардаги аёллар, қизлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш сони бўйича биринчи ўринни эгаллайди. Ўзини ўзи ўлдирган ўспиринларнинг ўртача ёши эса – 14-16», - дея айтиб ўтди «Қиз тағдири» лойиҳаси вакили.

Таъкидланишича, Қозоғистонда ҳар йили вояга етмаганлар билан 3 мингга қадар никоҳлар қайд қилинади.