Ливан Олий ҳарбий қўмондони Юсуф Аун «мамлакат жанубий чегарасида Исроил аскарларининг ҳужумига тайёр туриш» кераклигини уқтирмоқда. У бу ҳақда сешанба куни Twitter'даги микроблоги орқали маълумот қолдирган

Мамлакат армия Бош қўмондони қўл остидагиларга «БМТ томонидан чиқарилган 1701-сон резолюция талабларига тўла риоя этиш»ни айтиб, Исроил билан чегарада аскарлар сергак туриши лозимлигини таъкидлаган.

2006 йил «Ҳизбуллоҳ» ҳамда Исроил ҳарбийлари ўртасида юз берган тўқнашувдан сўнг, Ливан армияси чегарадаги тинчликни сақлашга жавобгар этиб тайинланган.

Исроилнинг азалий душмани - «Ҳизбуллоҳ» Сурияда ҳукумат тарафида курашаётган асосий кучлардан бири, Эрон кўмагида бўлган шиалар гуруҳи ҳисобланади.

Куни кеча Қоҳира шаҳрида йиғилган Араб давлатлари Лигаси Ташқи ишлар вазирларининг учрашувида айни вақтдан бошлаб «Ҳизбуллоҳ» шиалар гуруҳига террорчилик гуруҳи сифатида қарашини маълум қилганди.