Мексиканинг Веракрус штатидаги Идальготитлан шаҳрига янги мэр этиб сайланган Сантана Крус Баэна 20 ноябрь кечки вақт ўз уйида номаълум шахслар томонидан ўлдириб кетилди. Бу ҳақда Quadratin портали хабар бермоқда.

Бир неча ўнлаб қуролланган кимсалар мэр уйини қуршаб олиб, унинг кўчага чиқишини талаб қилишган. У буни қилишдан бош тортганда, жиноятчилар уйнинг эшигини бузиб, ичкарига бостириб кирганлар. Мэр билан бирга унинг уч нафар тансоқчиси ҳам ўлдирилган.

Крус Баэна шаҳарга “Янги альянс” партиясидан мэр этиб сайланган эди ва ўзининг янги лавозимини бажаришга 31 декабрда киришиши керак бўлган.

Веракрус штати иккита йирик наркокартел – “Лос-Сетос” ва “Кўрфаз”нинг қарама-қаршилиги майдонига айланган. Бу гуруҳлар АҚШга гиёҳванд моддалар етказиб бериш бўйича бир-бири билан рақобат қилади.