Италиянинг «Милан» клуби УЕФА томонидан санкцияга учраш хавфи арафасида турибди, деб ёзмоқда Marca.

Манба берган хабарга кўра, бунга миланликларнинг молиявий фэйр-плей қоидаларини бузгани сабаб сифатида кўрсатилмоқда. Ўтган ҳафтада «Милан» раҳбарлари УЕФАнинг Ньондаги штаб квартирасига ташриф буюрган ва у ерда вазиятни тушунтиришга ва келгусида бу камчиликлар бартараф этилишини айтган, аммо бош директор Марко Фассоне ҳеч кимни ишонтира олмаган.

УЕФА жамоанинг тўлов қобилияти барқарорлашувига ишонмаяпти. Айниқса сўнгги вақтларда қайд этилаётган натижалар сабабидан ҳам уларга бўлган ишонч кескин камайган. Ҳужжатларга кўра, «Милан»нинг молиявий ҳисоботлардаги барча ижобий кўрсаткичлар жамоа Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига тўғридан-тўғри йўл олгандагина амалга ошиши мумкин. «Россонерлар» эса айни вақтда бу йўлланмадан анча узоқлашиб кетишган.

Худди шу сабабдан «Милан» санкцияга тушиши ва жарима тўлашдан тортиб, еврокубоклардан четлатилишгача бўлган йўлни босиб ўтиши мумкин. Шунингдек миланликлар хўжайини Йонгҳонг Лининг молиявий фирибгарлиги билан боғлиқ ишлар очилгач вазият янада мураккаблашган.

Эслатиб ўтамиз, жорий мавсумда «Милан» Европа Лигаси мусобақаларида иштирок этмоқда.