«Трибуна» Испания примерасининг 12-туридаги асосий воқеаларни эслаб ўтади.

Нолли дерби ва Гризманн манзилига ҳуштакбозлик

Испания нашрлари турнинг марказий учрашуви бўлиши кутилган Мадрид дербиси «Барселона» ғалаба қилгани ҳақида бот-бот ёзишмоқда. Буни инкор этиш қийин, Мадриддаги голсиз дуранг туфайли (бу икки жамоа ўртасидаги учрашувларда 12 йилдан буён илк марта қайд этилган натижа, «Атлетико» майдонида эса бундай ҳисоб охирги бор 1993 йилда қайд этилган) бу турда «Леганес» устидан ишончли ғалабага (3:0) эришган «Барселона» турнир жадвалида Мадрид жамоаларини 10 очкога ортда қолдириб кетишига замин яратди.

Пойтахт клублари кучли таркибга эга бўлсада, уларнинг бу мавсумдаги чемпионлик учун имкониятлари кескин пасайиб кетди. «Реал» илк бор Зидан бошчилигидаги ўйинларда сафарда гол ура олмади. 3 йилдан буён жамоани бошқараётган франциялик мутахассис бу вақт ичида Ла Лига доирасида 35 учрашувни сафарда ўтказган ва ҳеч қачон майдонни голсиз тарк этмаганди.

«Реал»нинг «Ванда Метрополитано»да ғалаба қозонишга бўлган умидлари Серхио Рамоснинг бурни каби синди, «Реал» футболчиси Тео Эрнандеснинг укаси Лукас Эрнандес ўз жамоаси жарима майдонида унинг бошига оёқлари билан тепиб юборди ва сардорнинг юзи қонга беланди. Натижада танаффусда Зидан уни алмаштиришга мажбур бўлди, энди у бугун ЕЧЛ доирасида «АПОЭЛ»га қарши ўйинда майдонга махсус ниқоб таққан ҳолда тушади. 

Бу вазият ўйиннинг энг кўп муҳокама қилинган эпизоди бўлди - «қаймоқранглилар» жамоаси футболчилари Эрнандесга жазо талаб қилишди, аммо ҳакам Фернандес Борбалан бу вазият қасддан содир этилмагани, шу туфайли на пенальтига, на карточкага ҳожат борлигини қатъий таъкидлади. «Реал» томони эса ўйин давомида ҳакам 3-4 марта «Атлетико» фойдасига қарор чиқарганини иддао этди. 

Ижтимоий тармоқларда эса аввалги дербида Рамос Эрнандеснинг бошига тирсаги билан қандай урганини эслашди.

Бу ўйинда икки жамоанинг етакчилари ҳам нурсиз ўйин кўрсатишди. Антуанн Гризманн сочини олдирган бўлсада, унинг ўйини яна ўхшамади. Бу сафарги голсиз ўйин у учун қаторасига саккизинчи ўйин бўлди ва у майдонни мухлисларнинг норозилик ҳуштаклари остида тарк этди.

Криштиану Роналду эса чемпионатда дарвозалар томон берган зарбалари сонини 53тага етказди, аммо бу зарбалардан фақат биттаси голга айланган.

«Реал» мухлислари қайғуга ботган: жамоа «Барселона»дан 10 очко ортда қолди, ўзаро учрашувлар эса фақат икки марта бўлади.

«Валенсия» тарихга кирмоқда

«Барселона»ни таъқиб қилаётган жамоа Мадридда эмас, Валенсияда. «Кўршапалаклар» жамоаси ҳар турда ўзининг рекордини янгилаб бормоқда: чемпионатдаги энг яхши старт 3 марта янгиланди. «Эспаньол»га қарши ўйиндаги навбатдаги ғалаба тарихий ютуққа айланди. Бу жамоа ҳали ўз тарихида ҳеч қачон қаторасига 8 ўйинда ғалаба қозонмаганди.

Марселино шогирдлари биринчи бўлимда ҳимояланишга мажбур бўлишди, майдон эгалари Нету қўриқлаётган дарвоза томон кўп бор хавфли ҳужумлар уюштиришди, икки марта тўп дарвоза тўсинидан қайтди. Лекин иккинчи бўлимда меҳмонлар устунликни қўлга олишди, икки бор дарвоза ишғол этилди. Кондогбия ва Санта Минанинг голлари туфайли жамоа «Барселона»ни 4 очколик фарқ билан қувишда давом этди. Кейинги турнинг марказий учрашуви айнан шу жамоалар иштирокида бўлиб ўтади. Бу ўйин кўп нарсани ҳал қилиши эътибори билан мавсум ўйинига айланиши шубҳасиз.

«Валенсия» бош мураббийи жамоаси ғалабаси билан тугаган бу ўйиннинг иккинчи қисмини трибунада ўтириб кузатишга мажбур бўлди. У Кондогбия урган голгача 5 дақиқа қолганида ҳакам билан тортишгани учун жазоланганди. Ҳакам у билан бирга ўғли Серхио Гарсияни, жамоада жисмоний тайёргарликка масъул мураббийни ҳам ҳайдади. Ўйин ҳаками Эрнандес Эрнандеснинг протоколда қайд этишича, Серхио Гарсия уни сўкиб, «онасини ҳақоратлаган». Бу можаро майдонда меҳмонлар жамоаси футболчиси жароҳатланиб йиқилиб ётганига қарамай, ўйин давом эттирилиши туфайли келиб чиққанди. Мураббийлар ҳакамдан ўйинни тўхтатиб, футболчига тиббий ёрдам кўрсатиш учун шароит яратишни талаб қилишган.

Энди «Барселона»га қарши муҳим ўйинда ҳам Марселино трибунада ўтиради.

«Барселона» учун «Лега» конструктори

Мадрид яқинидаги ҳудуддан бўлмиш «Леганес» (ёки «Лега») Ла Лиганинг бу мавсумида ёрқин ўйинлар кўрсатмоқда. Асьер Гаритано бошчилигидаги бу жамоа турнир жадвали ўртасига мустаҳкам жойлашиб олди ва айни вақтда еврокубокларга йўлланма берувчи ўринлардан 2 очколик масофада. Ихчамгина «Бутарке» (11 минг кишилик) стадиони мустаҳкам қалъага ўхшайди. «Барселона»га қарши ўйингача жамоа ўз майдонида кечган 5 учрашувда 2 ғалаба («Атлетик» ва «Алавес» устидан 1:0 ҳисобларида), 2 дуранг («Атлетико» ва «Жирона» билан 0:0 ҳисоблари) ва бир мағлубият қайд этганди («Хетафе»га 1:2 ҳисобида имконият бой берилган). Ўйинлар асосан жамоа сардори Шимановски орқали қурилади. «Мен бу ерда кўп гапирмайман. Биз ҳамиша ўз сўзимизни майдонда айтамиз. Майдонга чиқамиз ва истаганча гапирамиз. Ахир бу бизнинг «Бутарке!», деганди у.

Аммо ўхшамади – каталонияликлар «Хетафе»дан кейин «Бутарке»да ғалаба қозонган иккинчи жамоага айланди. «Лега» «Барса» учун осон рақибга айланди, кўк-анорранглилар ҳимояда у қадар ишончли ҳаракат қилмасада, майдон эгалари футболчиларига Тер Штеген дарвозасини ишғол этиш учун маҳорат етишмади.

Каталония жамоаси таркибида ниҳоят Луис Суарес уйғонди. Унинг «қуруқ» серияси 478-дақиқада тўхтади – Пако Алькасер зарба берди, майдон эгалари дарвозабони Куэльяр зарбани қайтарди, аммо қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келган уругвайлик футболчи тўпни дарвозага жойлади. Иккинчи бўлимда Суарес дубль қайд этди, у бу сафар ҳам Алькасернинг зарбаси қайтарилганидан кейин муваффақиятга эришди, ўйиндаги якуний ҳисоб захирадан майдонга тушган Паулиньо томонидан ўрнатилди. Бразилиялик бу футболчи ўз ҳисобидаги голлари сонини 4 тага етказди. Бу «Реал» ҳужумчилари Бэйл (2), Бензема (1) ва Роналду (1) биргаликда урган голлар сонига тенг.

«Барселона» «Леганес»га қарши ўйинга жума куни кечқурун етиб борганди. Фақат Жерар Пике оилавий сабаб билан Мадридда қолди. Қолаверса, «Леганес»га қарши ўйинда у сариқ карточкалари сони 5тага етгани учун «Валенсия»га қарши ўйинни ўтказиб юборадиган бўлди. 

Маскерано жароҳатлангани ва Пике дисквалификацияга учрагани туфайли Вальверде кейинги ўйинда Умтити ва Томас Фермален жуфтлигидан фойдаланишга мажбур. Ёки у ўринбосарлар таркибидан бошқа ёш футболчини таркибга қўшиши ҳам мумкин.

«Жирона» - «Реал Сосьедад» - 1:1 (0:1)
Голлар: Виллиан Жозе, 7 (0:1). Стуани, 64 (1:1).
«Хетафе» - «Алавес» - 4:1 (2:0)
Голлар: Бергара, 6 (1:0). Хорхе Молина, 9 - пенальтидан (2:0). Анхель, 53 (3:0). Анхель, 64 (4:0). Сантос, 81 (4:1).
«Леганес» - «Барселона» - 0:3 (0:1)
Голлар: Л.Суарес, 28 (0:1). Л.Суарес, 60 (0:2). Паулиньо, 90 (0:3).
«Севилья» - «Сельта» - 2:1 (1:1)
Голлар: М.Гомес, 13 (0:1). Муриэль, 36 (1:1). Нолито, 48 (2:1).
«Атлетико» - «Реал» - 0:0
«Малага» - «Депортиво» - 3:2 (1:1)
Голлар: Росалес, 15 (1:0). Лукас, 23 (1:1). Шер, 52 (1:2). Чори Кастро, 63 (2:2). Борха Бастон, 84 (3:2).
«Эспаньол» - «Валенсия» - 0:2 (0:0)
Голлар: Кондогбия, 67 (0:1). Мина, 83 (0:2).
«Лас-Пальмас» - «Леванте» - 0:2 (0:0)
Голлар: Дукуре, 71 (0:1). Хасон, 79 (0:2).
«Атлетик» - «Вильярреал» - 1:1 (0:1)
Голлар: Тригерос, 28 (0:1). Адурис, 77 (1:1).
«Эйбар» - «Бетис» - 5:0 (2:0, 3:0)
Голлар: 1:0 – 6, автогол Амат, 2:0 – 30 Эскаланте, 3:0 – 56, пенальти Шарлес, 4:0 – 71 Шарлес, 5:0 – 80 Энрик.