Раҳбарлар иш куни давомида ўзларини қандай тутишлари бутун компания муваффақиятига таъсир кўрсатади.

Олимлар олти давлатдан бўлган мингдан ортиқ раҳбарларни сўровдан ўтказишди. Уларнинг мақсади бу раҳбарлар иш куни давомида нималар қилиши ҳамда уларнинг хатти-ҳаракати компания ютуғи ва муваффақиятсизлигига қандай таъсир кўрсатишини аниқлашдан иборат бўлган.

CEO Behavior and Firm Performance сўрови натижаларига кўра, кун давомида вақт шундай тақсимланади:

•  56% — учрашувлар ва йиғилишлар;
•  26% — режалаштириш, почта орқали мулоқот ва бошқа шунга ўхшаш ишлар;
•  10% — шахсий масалалар;
•  8% — сафарлар.

Шунингдек, тадқиқотчилар бу вақт айнан нимага сарфланишини ҳам ўрганиб чиқишди. Маълум бўлишича, раҳбарларни хатти-ҳаракати бўйича икки гуруҳга ажратиш мумкин: етакчилар ва менежерлар.

Менежерлар кўпроқ ишлаб чиқариш-сотиш занжиридаги ходимлар билан ишлайди, мижозлар ҳамда етказиб берувчилар билан учрашади. Етакчилар эса асосан юқори турувчи раҳбарлар ва ташқи манфаатдор томонлар билан мулоқот қилади, режалаштиришга кўп эътибор беради.

Биринчи гуруҳдагилар одатда кичик корхоналарга раҳбарлик қилса, иккинчилар йирикроқ ва мураккаб тузилмага эга компанияларни бошқаради.

Олимлар раҳбарлар «тури»ни компания молиявий кўрсаткичлари билан таққослаб шундай хулосага келишдики, етакчиларнинг компаниялари муваффақиятлироқ ва сердаромад бўлган.

Шунингдек, тадқиқотчилар янги раҳбар тайинлангунга қадар ва ундан кейинги маълумотларни таққослашди. Маълум бўлишича, етакчи раҳбар пайдо бўлганидан сўнг компаниянинг сермаҳсуллиги ҳам ошади. Самара уч йилдан сўнг пайдо бўлади, бу эса етакчилар компанияни ўзгартириш учун ҳақиқатдан ҳам кўп ҳаракат қилишларидан далолат беради.

Албатта, раҳбарнинг иш кунини қандай ўтказиши, компания фаолияти ва унинг ҳозирги аҳволига боғлиқ. Инқироз вақтида ўта муҳим кўникмалар керак бўлса, барқарор ривожланишда – умуман бошқа.

Кичик компанияда етакчи-раҳбар бўлиши қўрқинчли эмас, аммо акс ҳолдаги вазият эса йирик зарар келтириши мумкин. Раҳбар-менежерлар компаниянинг ҳозирги фаолиятига кўпроқ эътибор қаратади ҳамда аксарият вақтда микроменежмент билан шуғулланади.

Гарчи ушбу тадқиқот бошқарув тизимига янгича нигоҳ ташлаш имконини берса-да, унинг муаллифлари раҳбарларга бошқаларга қараб ўз хатти-ҳаракатларини ўзгартиришни маслаҳат беришмаяпти. Қарор қабул қилганда, аввало вазият ҳамда ўзининг кучли томонларидан келиб чиқиш керак. Ўзингизда шундай сифатларни топишга ва улардан фойдаланишга урининг, шунингдек, улар ўзини кўрсатиши мумкин бўлган вазиятларни топинг.