Афғон толиблари героин ишлаб чиқариш ва сотишдан йилига камида 200 млн доллар даромад оладилар. Бу ҳақда 20 ноябрда Пентагонда ўтган брифингда АҚШ ва НАТОнинг Афғонистондаги қўшинлари қўмондони, генерал Жон Николсон маълум қилди. 

“Афғонистонда ишлаб чиқарилувчи героин контрабанда йўли билан дунёнинг турли қисмларига, жумладан Канада, Европа, Россия, Эрон ва Болқонга етказиб берилади. Ҳуқуқ-тартибот идораларимизнинг баҳолашича, АҚШга етказилувчи героиннинг тахминан 4 фоизи Афғонистонда ишлаб чиқарилган. Бироқ бу миқдорлар ошиши мумкин”, деб айтган Николсон.    

“Героин ишлаб чиқариш ва сотишдан камида 200 млн доллар “Толибон” ҳисоб рақамларига тушади”, деб таъкидлади генерал ва бу пуллар янги жангариларни ёллашга ҳамда АҚШ ва НАТО давлатлари аскарлари ва Афғонистон ҳукумат кучларига ҳужумларни содир этишга сарфланишини қўшимча қилди. 

“Биз кўкнори етиштирувчи афғон деҳконларига зарбалар бермаймиз. Чунки уларни буни қилишга толиблар мажбур қиладилар. Биз ўз зарбаларимизни кўкноридан опиум, сўнгра ундан морфин ва героин олинадиган лабораторияларга ва гиёҳвандфурушларга қаратамиз. “Толибон” назорати остида бўлган ҳудудларда наркотрафик билан шуғулланувчи тахминан 20 та йирик гуруҳ бор, улардан 13 таси Афғонистонда ҳаракат қилади”, деб маълум қилди Николсон.

Николсоннинг айтишича, “Толибон” етакчилари ўртасида кейинги ҳаракатлар бўйича зиддиятлар авж олмоқда. “Охирги икки йил ичида толиблар бирорта шаҳарни босиб олишга муваффақ бўлмадилар. Улар катта йўқотишларга учрамоқдалар. Улар юта олмасликларини биладилар ва шу сабабли ҳаракатлари тактикасини ўзгартирдилар – улар ҳудудларни босиб олиш ва ушлаб туришдан воз кечиб, терактлар уюштиришга ўтдилар”, деб айтди генерал.