Украина президенти Пётр Порошенконинг маълум қилишича, мамлакат ҳукумати «майдан»нинг энг муҳим талабларидан бирини бажаришнинг уддасидан чиқди. 

«Бизнинг ёшлар, талабаларимиз Майданга талаблар билан чиқишганига роппа-роса тўрт йил тўлди. Улар Европа йўлидан Россия томонга қараб четлашмасликни талаб қилишганди», - дея сиёсатчининг сўзларини келтиради «Укринформ».

Порошенконинг сўзларига кўра, «Қадр-қиммат инқилоби» «украин халқининг озодлик ва мустақилликка бўлган доимий интилиши»нинг яна бир исботига айланди.

«Бу воқеани тўрт йилдан бери нишонламоқдамиз, бироқ мен одамларга илк марта шуни айта олишим мумкинки, «майдан»нинг энг асосий талабларидан бири бажарилди: сиёсий ассоциация ва эркин савдо зонаси тўғрисидаги келишув 1 сентябрдан кучга кирди», - дея таъкидлаб ўтди у.