Бугун, 21 ноябрь оқшомида Европа яшил майдонларида Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичида 5-тур учрашувлари ўтказилади.

Бешинчи тур кўплаб жамоалар учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга, бугун плей-оффнинг навбатдаги иштирокчилари аниқланади, шунингдек, кўплаб жамоалар турнирдаги иштирокини тўхтатиши аниқ бўлади. 

«Трибуна» бугун 4 гуруҳда бўлиб ўтадиган 8 учрашув анонси билан таништиради.

«Реал» Испания чемпионатини деярли бой берди, энди навбат ЕЧЛгами?

H гуруҳи
АПОЭЛ – РЕАЛ

Бугун, 21 ноябрь. Никосия. GSP стадиони. 22.45 (Матч! Игра – 00.30).
БОРУССИЯ Д – ТОТТЕНҲЭМ
Бугун, 21 ноябрь. Дортмунд. «Сигнал Идуна Парк». 22.45 (Матч! Футбол 1 – 00.30).

«Реал» эркин қулашда давом этиши мумкин. Испания чемпионатининг охирги турида «Атлетико» билан дербида голсиз дуранг қайд этган «Қироллик клуби» турнир жадвалида «Барселона»дан ортда қолиб кетди. «Реал» шу вақтгача етакчи жамоадан 8 очколик фарқ билан ортда қолганида ҳеч қачон чемпион бўла олмаган, 10 очколик фарқ эса вазият янада оғирлигини кўрсатмоқда. Испанияда ҳали ҳеч қайси жамоа бунча фарқни йўққа чиқара олмаган. Шу туфайли Зидан асосий эътиборини Европа Чемпионлар лигасига қаратиши керак бўлади.

3 ҳафта муқаддам «Реал» 2012 йилдан буён илк марта ЕЧЛнинг гуруҳ босқичида мағлуб бўлганди, Лондонда «Тоттенҳэм»га қарши ўйин 1:3 ҳисобида якунланганди. Охирги йилларда дунёнинг энг яхши футболчиси мақомини қўлга киритиб келаётган Криштиану Роналду фақат Чемпионлар Лигасида гол урмоқда, Испания чемпионатида шу вақтгача атиги битта голни ўз ҳисобига ёзиб қўйган португалиялик ҳужумчида ЕЧЛда урилган 6 гол мавжуд. Жамоанинг иккинчи асосий ҳужумчиси Карим Бензема эса на ички чемпионатда, на халқаро майдонларда ишончни оқламоқда. «Биллуроёқ» Гарет Бэйл эса навбатдаги жароҳатига дучор бўлган, жамоа сардори Серхио Рамос ўтган турда бурнини синдириб олган бўлсада, Кипрга жамоа билан учиб келди ва у энди ниқоб таққан ҳолда ўйнаши кутилмоқда.

Кипрликлар жамоаси Дортмунднинг «Боруссия» клуби билан икки бор дуранг ўйнади, улар айтилаётганидек жуда кучсиз жамоа эмас. Бугун ғалаба қозонса, бу жамоа «Реал»га яқинлашиб олади ва чорак финални орзу қила бошлайди. (АПОЭЛ 2011-12 йилги мавсумда гуруҳдан чиққанди ҳам. Ўшанда кипрликларга бу босқичда айнан «Реал» рақиб бўлган).

Дортмунднинг «Боруссия»си 5 йилдан буён мунтазам равишда плей-офф ўйинларида қатнашиб келганди. Аммо агар бугун «Реал» Никосияда ғалаба қозонгудек бўлса, бу анъана тўхтайди ва немислар фақат Европа Лигаси ҳақида қайғуришлари мумкин бўлади. Шу туфайли Петер Бос шогирдлари бугун ўз уйида «Тоттенҳэм»ни енгиш билан бирга Кипрда мўъжиза содир бўлишини кутишига тўғри келади. Йўқса, бугун туғилган кунини нишонлаётган, 54 ёшни қаршилаётган Петер Бос ишдан бўшатилиши мумкин.

«Бешиктош» илк бор ЕЧЛ нимчорак финалига чиқмоқда


G гуруҳи
БЕШИКТОШ – ПОРТУ

Бугун. Истанбул. «Водафон Арена» стадиони. 20.00 (Матч! Футбол 1 – 21.45).
МОНАКО – ЛЕЙПЦИГ
Бугун. Монако. «Луи II» стадиони. 22.45 (Матч! Арена – 00.30).

Туркия чемпиони бугун ўз тарихида илк марта Чемпионлар Лигаси нимчорак финалига чиқиши мумкин. Бунинг учун туркларга «Порту»га қарши ўйиндаги дуранг ҳам кифоя қилади. Португалияликларга эса бугун фақат ғалаба керак, шу орқали жамоа кейинги босқич масаласида хотиржам бўлиши мумкин. Туркларнинг ЕЧЛдаги мағлубиятсиз серияси 12та ўйинга етган (5 ғалаба ва 7 дуранг). Туркия чемпионатида эса «Бешиктош» ўз майдонида охирги бор 2 йил олдин ютқазганди («Оқҳисор» билан ўйин 0:2). Шу билан бирга турклар ҳали португалларни ўз майдонида енга олмаган - 4 ўйинда 2 дуранг ва 2 мағлубият.

Ўтган мавсумда ёрқин ўйинлар кўрсатиб, ЕЧЛнинг ярим финалигача етиб борган монегасклар жамоаси бу сафар ўз тарихидаги энг ёмон натижани кўрсатмоқда. Жардим шогирдлари ўтган 4 турда атиги 2 очко жамғарди. Лекин «Монако»да ҳали ҳам имконият сақланиб қолмоқда, бунинг учун клуб ўз ўйида «Лейпциг»ни енгиши ва Туркияда «Бешиктош» «Порту» устидан ғалаба қозонишини кутиши керак. Агар немислардан мағлуб бўлса, жамоа турнирни давом эттирмаслиги аниқ бўлади.

 

Неаполга охирги огоҳлантириш

F гуруҳи
НАПОЛИ – ШАХТЁР
Неаполь. «Сан-Паоло» стадиони. 22:45 (Матч! Футбол 2 – 00.30).
МАНЧЕСТЕР СИТИ – ФЕЙЕНООРД
Манчестер. «Этиҳад Стэдиум». 22.45 (Матч! Наш спорт – 00.30).

А Серия етакчиси «Наполи» («Интер» 2 очкога ортда қолдирилмоқда) энди хато қилишга ҳақли эмас. Тўртинчи турда «Манчестер Сити»га мағлубиятдан (2:4) неаполитанликлар жамоаси учун ЕЧЛдаги охирги 24 ўйиндаги учинчи мағлубият эди (қолган ўйинларда 16 ғалаба ва 6 дуранг).

«Шахтёр» айни вақтда «Наполи»ни 6 очкога ортда қолдирмоқда, аммо ўзаро ўйиндаги ғалаба (йирикроқ) ва охирги турда «Манчестер Сити» «Шахтёр»ни сафарда енгиши вазиятни бутунлай ўзгартириши мумкин. Бугун «Сан Паоло»да ҳаёт-мамот кураши кечади.

 

Ғолиб барчасига эга бўлади

E гуруҳи
СПАРТАК – МАРИБОР
Бугун. Москва. «Открытие Арена» стадиони. 20:00. (Матч ТВ. 22:00)
СЕВИЛЬЯ – ЛИВЕРПУЛЬ
Бугун. Севилья. «Рамон Санчес Писхуан» стадиони. 22.45 (Матч ТВ – 00.40).

Бу гуруҳда ҳам нисбатан тенг кучли жамоалар йиғилган. Учта жамоа бир-биридан узоқ масофада эмас. Учинчи ўриндаги «Спартак» агар кейинги 2 турда ғалабага эришса, гуруҳдан чиқади. Агар бу ўйинларда 4 очко жамғарилса («Марибор» устидан ғалаба ва «Ливерпуль»га қарши ўйинда 2:2 ҳисобидаги дуранг), шунингдек, «Севилья» «Ливерпуль»ни енгса, москваликлар жамоаси инглизлардан ўзиб кетади (ўзаро ўйинларда сафарда кўпроқ гол урилгани эвазига).

Бу турда ким ғалаба қозонса, Е гуруҳидан чиқади.

Англияликларда ҳозирда ҳаммаси жойида, жамоа яхши серия қайд этмоқда – охирги 10 ўйинда 6 ғалаба, 3 дуранг ва 1 мағлубият қайд этилди. Севильяда кучли таркиб ҳосил бўлган ва бу футболчилар 90 дақиқа давомида «Ливерпуль»ни босим остида ушлаб туриши мумкин. Жамоаларнинг аввалги ўйинида ҳам инглизлар устунлик қилган, дарвозаларга зарба бериш борасида 3,5 марта кўпроқ (24га қарши 7), аммо ўйинда дуранг ҳисоб қайд этилганди - 2:2.

Эдуардо Бериссо шогирдлари бугун «Рамон Санчес Писхуан»да ғалаба қозонса, биринчи ўринга кўтарилади.