Чилонзор туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан, одам савдоси жинояти бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда пойтахт ИИББ хабар берди.

Жумладан, 2017 йилнинг 27 сентябрь куни, муқаддам судланган М.Б. фуқаролар Н.О., Н.Б. ва М.Н.ларни Россия Федерациясида фоҳишалик билан шуғулланиб, катта миқдордаги даромад олиш билан қизиқтириб, уларни Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидан олиб ўтган ҳолда Россия Федерациясига фоҳиша сифатида ишлатиш мақсадида юбормоқчи бўлган вақтида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан Тошкент халқаро аэропортида ушланган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси 2-қисми “б” банди (одам савдоси, яъни икки ёки ундан ортиқ шахсларни улардан фойдаланиш мақсадида ёллаш) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилган. 

Ўтказилган дастлабки тергов давомида М.Б. кўрсатиб ўтилган аёллардан ташқари фуқаролар М.Ю., Ш.М., Г.М., Д.М. ва И.Р.ларни ҳам фоҳиша сифатида ишлатишлик учун Россия Федерациясига юборганлиги аниқланган. 

Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, М.Б.нинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.