Н.И.Вавилов номидаги Саратов давлат аграр университети (СДАУ, Россия)да ўтказилган «Аграр менежмент» Халқаро магистрлик дастурини амалиётга татбиқ этиш бўйича Германиянинг Ваенштефан-Триздорф амалий билимлар университетининг мега-грант лойиҳаси доирасидаги ҳамкор университетлар раҳбарияти конференциясида ТДАУ раҳбар ходимлари фаол иштирок этдилар.

Мега-грант лойиҳаси АҚШ, Германия, Литва ва бир қатор МДҲ давлатларининг аграр соҳадаги нуфузли университетларини қамраб олган. Н.И.Вавилов номидаги Саратов давлат аграр университети Россия Федерацияси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги аграр университетлари рейтингида қатор йиллардан буён фахрли 1 ўринни эгаллаб келганлиги сабабли, мазкур университет халқаро конференцияга мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Мазкур нуфузли халқаро конференцияда ҳамкор мамлакатлар ўртасида «Аграр менежмент» халқаро магистрлик дастурини жорий этиш, магистратура мутахассислиги бўйича ҳамкорликда ўқитиш орқали икки томонлама диплом бериш ва бунинг учун ҳамкор университетларда амалдаги ўқув режа ва дастурларни ўзаро уйғунлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: Аграр университети

Ваенштефан-Триздорф амалий билимлар университети қишлоқ хўжалигининг турли соҳалари, озиқ-овқат хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида 19 та бакалавр йўналиши, 13 та махсус таълим, 12 магистратура, шу жумладан 4 та халқаро йўналишдаги таълим лойиҳаларини ўз ичига олган.

Халқаро конференцияда ўз маърузалари билан иштирок этган қатнашчилар томонидан «Аграр менежмент» халқаро магистрлик дастурини жорий этиш имкониятлари, аграр соҳадаги таълимнинг амалиёт билан интеграцияси устуворлиги, инновацион ишланмаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишнинг долзарблиги, ўқув режаси таркибидаги амалий машғулотлар салмоғининг юқорилигини таъминлаш, ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ва магистратурага қабул жараёнида қишлоқ хўжалиги корхоналари раҳбариятини кенг иштирокини таъминлаш каби соҳани янада ривожлантиришга хизмат қилувчи таклифлар билдирилди.

Фото: Аграр университети

Россия Федерацияси аграр университетлари рейтингида қатор йиллардан буён 1 ўринни эгаллаб келаётган Саратов давлат аграр университети ректори академик Н.И.Кузнетсов халқаро миқёсда ТДАУ Ўзбекистон Республикаси аграр соҳасидаги таянч олий таълим муассасаси сифатида эътироф этилишини таъкидлаб ўтди.

Фото: Аграр университети

Халқаро конференция доирасида СДАУ ва Тошкент давлат аграр университети ўртасида академик ҳамкорлик шартномаси имзоланди ва олий таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, жумладан талабалар алмашинуви, ҳамкорликда халқаро конференцияларни ташкил этиш, модул тизимида профессор-ўқитувчиларни дарс ўтишлари, кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш, ҳамкорликда ўқув адабиётлари, монография ва илмий мақолаларни чоп этиш масалалари муҳокама этилди.