Сурияда ихтилоф бошлангандан то ҳозирги кунгача 26446 бола ҳалок бўлган. Улар асосан Сурия президенти Башар Асадга қарашли кучларнинг ҳужумлари ва бомбардимонлари оқибатида ҳаётдан кўз юмганлар. Бу ҳақда Сурия ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти ҳисоботида айтилган.

Ҳисоботда айтилишича, 2011 йил март ойида ихтилоф бошлангандан бери Сурия болалар ҳуқуқлари кўп бузилувчи давлатлар рўйхатида 1-ўринни эгалламоқда. 

Айтилишича, 2011 йилдан бошлаб Асад ва унинг тарафдорлари кучлари ҳужумлари оқибатида камида 21631 бола ҳалок бўлган.

Россия ҳарбий-коинот кучларининг зарбалари оқибатида эса 2015 йил сентябридан Сурияда 1529 бола ҳалок бўлган. 

ИШИД жангариларининг ҳужуми ва қатл этишлари оқибатида 711 бола ҳаётдан кўз юмган. АҚШ бошчилигидаги коалициянинг авиазарбалари натижасида 2014 йил сентябридан Сурияда 723 боланинг ҳаёти тўхтаган.

Бундан ташқари, 127 бола PYD жангарилари қурбонларига айланган, яна 503 бола улар томондан ўғирлаб кетилган.

Ҳисоботда таъкидланишича, Суриядаги ихтилофдан энг кўп болалар азият чекмоқдалар. 7 йилдан бери давом этаётган ихтилоф оқибатида мамлакатда 1378 та мактаб ва болалар боғчалари вайрон бўлган, 3,2 млн бола таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум этилган.

Сурияда таълим олиш имконидан маҳрум бўлган болалар эрта ёшдан ишлай бошлайдилар. Ҳисоботда айтилишича, PYD жангарилари болаларни жанг қилишга мажбурлайдилар.

“Булар асосан 14 ёш ва ундан каттароқ болалардир. Асад тузуми ҳам ўз позициялари заифлашгандан кейин балоғатга етмаганларни жанг қилишга мажбур қила бошлаган. Асад кучлари сафида тахминан 349 бола жанг қилади”, дейилган ҳисоботда.

Сурия ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти БМТ ва халқаро ҳамжамиятни Суриядаги болалар ҳимоясини таъминлаш, Асад тузуми блокадасини олиш ҳамда гуманитар ёрдам етказилиши бўйича чоралар кўришга чақирган.

Суриядаги уруш давомида 400 мингдан кўпроқ одам ҳалок бўлган, 10 млн дан кўпроқ одам ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган. Улардан 4,8 млн нафари бошқа давлатларда бошпана топган.