Швейцария Социал-демократик партияси бошлиғи Кристиан Левра ислом динининг мамлакатда расмий дин сифатида тан олинишини таклиф қилди.

“Швейцарияда 400 минг мусулмон яшайди, улардан 160 минги Швейцария паспортига эга. Ислом бизнинг давлатда мавжуддир”, деб айтган Левра SonntagsZeitung нашрига берган интервьюсида.

Унинг айтишича, бугунги кунда мамлакатда 240 тага яқин масжид фаолият юритади ва улардан баъзиларининг жамоатлари радикаллашув тенденциясига эга.

“Икки томон бир-бирига пешвоз чиқиши керак”, деб айтган Левра.

Сиёсатчининг айтишича, унинг партияси исломнинг расмий дин сифатида тан олинишини қўллаб-қувватлайди ва партиянинг баъзи аъзолари шу муносабат билан “йўл харитаси”ни тайёрлашмоқда.

Левра Туркиянинг диний ишлар бошқармасининг мамлакатдаги фаолиятига изоҳ берар экан, бу бошқарма томондан Швейцариядаги баъзи масжидларнинг молиялаштирилишини қўллаб-қувватлашини таъкидлаб ўтган. 

Унинг айтишича, турк имомлари фаолиятининг тақиқланиши вужудга келадиган бўшлиқни радикализмни қўллаб-қувватловчи ваҳобийлар ва салафийлар эгаллашларига олиб келиши мумкин.

“Шу сабабли турк таъсири афзалроқдир”, деб айтган Левра.

Унинг таъкидлашича, Швейцарияда ислом расмий дин сифатида 2016 йил августидаёқ тан олиниши керак бўлган.

“Агар ислом Швейцарияда расмий дин деб тан олинса, унда диний таълим ва диний бошқарма хориждаги экстремистлар томондан эмас, балки Швейцария томондан молиялаштирилади”, деб айтган Левра.

Унинг фикрича, бу масала батафсил кўриб чиқилиши керак.