Швейцариянинг ирқчиликка қарши кураш хизматининг 2016 йил учун ҳисоботида кўрсатилишича, Швейцария шаҳар аҳолисининг 14 фоизи мусулмонларга нисбатан салбий муносабатдалар.

Ҳисоботга Швейцария ички ишлар вазири Ален Берсе ёзган сўз бошда айтилишича, Швейцария кўп миллатли мамлакат эканлигига қарамасдан, ирқчиликдан биринчи навбатда мусулмонлар, қора танлилар ва бошпанасизлар азият чекадилар. 

Ҳисобот муаллифлари ирқчиликнинг таълим, турмуш даражаси, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳуқуқлар, фуқароликни олиш тартиби, сиёсий ҳаёт ва миллатчиликка хос қарашларнинг шаклланишига таъсирини батафсил ўрганиб чиқдилар. Бундан ташқари, исломофобия, қора танлиларга салбий муносабат, антисемитизм ҳолатлари алоҳида кўриб чиқилган. 

Ҳисоботда ўтган йили Швейцария федерал статистика бошқармаси томондан ўзаро биргаликда яшай олиш бўйича ўтказилган сўровнома натижалари ҳам келтирилган. Сўровнома натижаларига кўра, респондентларнинг аксарият қисми ирқчиликни Швейцариянинг катта муаммоси деб ҳисоблайдилар.

Сўралганлардан чорак қисмининг фикрича, бошқа миллатга мансуб одамлар уларга ишларида ноқулайлик туғдиради. Ҳар бешинчи сўралганнинг фикрича, улар бундай одамларни қўшнилари сифатида кўришни истамайдилар. Шунингдек, уларнинг айтишича, улар охирги 5 йил ичида ишларида ёки иш қидираётганларида камида бир марта ирқчилик ҳолатига дуч келганлар.

Сўровнома натижаларига кўра, 18 фоиз швейцарияликлар хорижликларда потенциал хавфни кўришади. 95 фоиз сўралганлар африкаликларга салбий қарамасликларини, 96 фоизи эса яҳудийлар томондан таҳдид мавжудлигини кўрмасликларини айтганлар. 91 фоиз сўралганлар мусулмонларга яхши муносабатда эканликларини айтганлар.