Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш бўйича вазир вазифасини бажарувчи Шерзод Шерматов ва Тошкент шаҳридаги Инха Университети ректори Сарвар Бобохўжаев Корея Республикасидаги Инха Университети президенти Сунья Чой хоним билан музокаралар ўтказишди. 

Учрашув давомида томонлар истиқболдаги ҳамкорлик ва Тошкент шаҳридаги Инха Университети таълим дастурларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди. Хусусан, бакалавр босқичидаги электрон бизнес билан боғлиқ йўналишларни кенгайтириш зарурати қайд этилди, зеро компьютер билимлари ва логистика бошқаруви бўйича мавжуд база мазкур йўналишларни очиш учун шарт-шароитлар яратмоқда. Бундан ташқари, Тошкент шаҳридаги Инха Университетида магистратура бўлимини очишга доир ишлар зарурати таъкидланди. 

Шунингдек бугунги кунда Кореяда таълим олаётган Тошкентдаги Инха Университетининг сўнгги босқич талабалари билан учрашув ўтказилди. 

Учрашув якунларига кўра, икки университет вакиллари Тошкент шаҳрида Инха Университети магистратурасини очиш ва Тошкентдаги Инха Университети талабаларига Жанубий Кореядаги Инха Университети магистратурасида таълим олиш учун уч грант тақдим этишга доир протоколни имзолашди.

Жанубий Корея Инха Университети Тиббиёт мактаби раҳбарияти билан учрашув давомида уларга келгусида Тошкент шаҳрида ўз бўлимини очиш имкониятларини кўриб чиқиш таклифи берилди. Инха Университети Тиббиёт мактаби, шу жумладан унинг клиникасини очиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил қилишга келишиб олинди.