Яқинда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Чуқурсой техник идора” темир йўл чегара божхона пости ходимлари Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари билан ҳамкорлиқда, вагон ва контейнерларни божхона кўздан кечирувидан ўтказиш жараёнида Хитой Халқ Республикасидан юк қабул килувчи “Ahmad Isroil Tex” МЧЖ номига келган маҳсулотлар юкланган контейнер ортилган вагоннинг пастки қисмида ғилдирак жуфтлигининг ўртасига усталик билан яширилган сариқ рангли полиэтилен пакет борлиги аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Мазкур полиэтилен пакет гувоҳлар иштирокида олиниб, очиб кўрилганда, унинг ичида қурол ва уч дона ўқ ҳамда олди қисмига бураб қотириладиган темирдан ясалган қўшимча мослама борлиги аниқланди.

Агарда ушбу қуролни яшириб олиб ўтиш билан боғлиқ ҳолат божхона ходимлари томонидан ўз вақтида фош этилмаганда манфур мақсадларни кўзлаган жиноятчилар томонидан турли ёвузликлар содир этилиши мумкин эди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Шуни таъкидлаш жоизки божхона ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида, 56 дона ўқ-отар қуроли, 643 дона ўқ, 16 685 дона капсула ҳамда 3486 дона гильзаларнинг ғайриқонуний айланмасига чек қўйилган.

Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.