Ўзбекистон бюджет тизимида биринчи марта Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида туман ҳокимликларининг мустақиллигини ошириш, молиявий имкониятларини кенгайтиришга кенг йўл очиб берилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Шу пайтгача пойтахт туманларида халқ депутатлари Кенгашлари фаолиятини ташкил этиш ҳамда туман ва шаҳар бюджетларининг қўшимча манбаларини бошқариш, шаҳар бюджет ижроси жараёнида зарур ҳолатларда бюджет параметрларига ўзгартириш киритиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг рухсати билан амалга оширилган бўлса, эндиликда бу ваколатлар маҳаллий ҳокимликлар ихтиёрига ўтказилди. 

Бошқарув органлари тасарруфидаги бир қатор ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга ҳуқуқлар, хусусан, бюджет ташкилотлари, коммунал хўжалиги ва ободонлаштириш харажатлари қуйи бўғинга берилди. 

Маҳаллий ҳокимият органлари туман бюджети даромадларининг режадан ортиқ қисмини турли тадбирлар, раҳбар кадрларни моддий рағбатлантириш ҳамда қуйи бюджетларни қўшимча молиявий манбалар билан таъминлашга йўналтириш, бюджет ташкилотлари ва уларнинг штатларини мақбуллаштириш, маҳаллий бюджет захира жамғармасини ташкил этиш ваколатига эга бўлди. Асосийси, юқори турувчи молия идоралари энди туманларнинг тасдиқланган даромадлари параметрига ўзгартириш кирита олмайди. 

Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетидан маблағ олувчи бюджет ташкилотларининг 88 фоизи туман маҳаллий бюджетига ўтказилди. Жумладан, 802 халқ таълими муассасаси, 93 поликлиника ва диспансер, 33 маданият уйи, 11 туман ҳокимлиги, 503 ўзини ўзи бошқариш органи, 11 ижтимоий ёрдам ва ижтимоий мослашув маркази, 11 ободонлаштириш бошқармаси молиявий таъминоти, шунингдек, шу пайтгача долзарб муаммолардан бири бўлиб келган ички йўлларни таъмирлаш харажатлари ҳам туманлар бюджетидан молиялаштириладиган бўлди. 

Туманлардаги 18 махсус, алоҳида режимдаги мактаб ва интернатларни сақлаб туриш харажатлари, туман маҳаллий бюджетидан маблағ олувчи 284 та мактаб ходимлари иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари ҳамда уларнинг ягона ижтимоий тўлов бўйича харажатлари шаҳар бюджетидан трансферт сифатида қоплаб берилиши жорий қилинди. 

Мазкур чора-тадбирлар маҳаллий бюджетларнинг марказга боғлиқлигини кескин камайтириб, стратегик муҳим лойиҳаларни амалга ошириш, фаол инвестиция сиёсатини олиб боришда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мустақиллигини мустаҳкамлашга замин яратади.