Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзон Қодировнинг маълум қилишича, республикада терроризм бутунлай тор-мор этилди, унинг учун ижтимоий базанинг ўзи йўқ. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.

Унинг сўзларига кўра, Чеченистон расмийлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари терактга уринишнинг барча ҳаракатларини олдини олиши мумкин. Қодировнинг маълум қилишича, Чеченистон – жаҳондаги терроризмдан холи ягона минтақадир.

«Чеченистонда ҳеч қандай яширин террористик ҳаракатлар йўқ! Бироқ ёшларни ёллашга уринишлар давом этмоқда. Бунинг ортида ғарб махсус хизматлари турибди, уларнинг югурдаклари Европада ўтириб, тун-у кун ижтимоий тармоқларда қўпорувчилик ишини олиб бормоқда. Бироқ, Чеченистонда террорчилар учун ижтимоий базанинг ўзи йўқ», - дея маълум қилди Қодиров.

Шу билан бирга, унинг аниқлик киритишича, энг катта хавф бир ўзи ҳаракат қилувчи террорчилардан келади.

«Албатта, ер шарининг исталган нуқтасида энг катта хавф бир ўзи ҳаракат қиладиган террорчилардан келади. Бироқ уларни турли белгилар орқали фош қилиш ҳам нисбатан енгилроқ. Мен халқаро ташкилотларнинг Чеченистон терроризм бутунлай тор-мор этилган дунёдаги ягона минтақа экани ҳақидаги хулосаларини тасдиқлайман», - дея айтиб ўтди Қодиров.