Ахборот технологиялари шиддат билан ривожланиб бораётган тезкор замонда барча соҳаларда бўлгани каби Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида ҳам ахборот узатиш ва унинг имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар олиб борилмоқда. Яқин бир йил ичида Telegram иловасида тезкор савол-жавоблар канали очилди. Бундан ташқари, савол-жавоблар учун махсус сайт ишга туширилди. Қуръони Карим, минг бир ҳадис, Ўзбекистоннинг етук имом-хатибларининг маърузалари ва саловотлар жой олган ҳамда ягона Tas-Ix тармоғига жойлаштирилган сайт ҳам мўмин-мусулмонларга хизмат қилмоқда: Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати хабар бермоқда.

@SavollarMuslimUzBot

www.savollar.muslim.uz

www.mp3muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизматининг хабар беришича, Диний идора томонидан ҳафтанинг ҳар душанба, сешанба, чоршанба ва пайшанба кунлари ўзбекистонликларнинг диний илм олиш эҳтиёжларини соф ислом маърифати асосида қондириш, уларнинг ишончли манбалардан маълумотлар олишларини таъминлаш мақсадида Тафсир, Ақида, Фиқҳ, Ҳадисшунослик, Тажвид, Ислом тарихи ва Сийрат ҳамда Араб тили фанларидан ташкил этилган онлайн дарслар кўпчиликка манзур бўлмоқда. Бу дарслар Идоранинг Youtube сайтидаги саҳифасига жойланмоқда.

Дарслар Ўзбекистоннинг таниқли уламолари, Тошкент Ислом институтининг малакали ўқитувчилари томонидан олиб борилмоқда.

Ушбу онлайн дарслар, шунингдек, Идоранинг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри узатилмоқда. Дарслар соат 14:00 ва 15:30 да бўлиб ўтмоқда.