Қирғизистон раҳбари Алмазбек Атамбоев Россия президенти Владимир Путинни республикадаги олий давлат мукофоти – биринчи даражали "Манас" ордени билан мукофотлади. Бу ҳақда Қирғизистон етакчиси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Матбуот хизмати маълумотларига кўра, Атамбоев тегишли фармонни чоршанба куни имзолаган.

"Алмазбек Атамбоев Россия президенти Владимир Путинни I даражадаги "Манас" ордени билан Қирғизистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ҳамда иттифоқчилик муносабатларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун мукофотлади", - дейилади Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабарида.

"Манас" ордени Қирғизистоннинг олий давлат мукофоти сифатида 1996 йилда таъсис этилган. У уч даражага эга бўлиб, "давлат ва демократик жамият ҳимояси ҳамда мустаҳкамланишига, халқ бирдамлиги, мамлакат иқтисодий, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга қўшган буюк ҳиссаси учун" топширилади.

Ўз вақтида I даражали "Манас" ордени билан ёзувчи Чингиз Айтматов, БМТ бош котиби Кофи Аннан ҳамда бошқалар мукофотланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Алмазбек Атамбоев Шавкат Мирзиёевни орден билан мукофотлагани хабар берилганди.