Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (МОМЭМ)нинг Ўзбекистондаги филиали раҳбари Шаҳноза Умарова Европа Иттифоқининг CAWECOOP лойиҳаси бўйича амалга оширилган ишлар ва энг яхши тажрибаларга доир маълумотларни тақдим этди. ЕИ ва МОМЭМнинг сув ресурсларига бағишланган якуний конференциясида қатнашган KUN.UZ мухбири шу ҳақида хабар берди.

Шаҳноза Умарова CAWECOOP лойиҳаси доирасида Фарғона водийсининг энг яхши тажрибалари бўйича демо-турлар амалга оширилганини қайд этди. Жумладан, 2017 йилнинг 9 ноябрида Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани, "Навигул" ҚК, 10 ноябрда Наманган вилоятининг Учқўрғон тумани "Муҳаммадали ҳамкор сервис", худди шу куни Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани "А.Исматов орзуси" фермер хўжалигига уюштирилган демо-турлар бўйича батафсил маълумот берилди.

Уларга кўра, фермер хўжаликларида томчили ва ёмғирли суғориш, шунингдек кассетларга кўчат уруғларини экиш бўйича инновацион технологиялар қўлланилмоқда. Турли сабзавотлар етиштирилиб, кўчатлар учун иссиқхона, шунингдек интенсив мевали боғлар мавжуд.

Бундан ташқари, тоғли ҳудуднинг ўзлаштирилган ва ривожланган қисмлари ҳақида маълумот берилиб, уларга турли мевали дарахтлар экилгани, икки қудуқ борлиги, улардан бири  чуқур насос билан жиҳозлангани (чуқурлиги 70 метр), иккинчи қудуқни жиҳозлаш ишларини тугаллаш режалаштирилгани таъкидланди ва буларнинг бари махсус схемалар орқали экранда намойиш қилинди.

Лойиҳа доирасидаги ишлар амалга оширилгандан кейин нималар кутилмоқда?

  • Мевали дарахт кўчатларини экиш орқали ерларни ўзлаштириш ва иссиқхоналар ташкил қилиш;
  • Янги иш ўринларини яратиш;
  • Электр энергияси харажатларини камайтириш;
  • Фермер ва деҳқон хўжаликларига сувни тежовчи ва энергия тежовчи технологияларга доир тажрибани етказиш.