KUN.UZ таҳририяти ўз ўқувчиларига Ўзбекистон ва жаҳон янгиликларини холис ва тезкор етказишдан ташқари, тиббий ёрдамга муҳтож фуқароларга молиявий кўмак бериш мақсадида Хайрия акциялари ўтказиб келади. 

Яқинда таҳририятга Қашқадарё вилояти Ғузор туманидан мурожаат бўлди. Унда Ҳулкар исмли аёл 3 ёшга тўлган Маҳзуна исмли қизига кохлеар имплант қўйдириш масаласида моддий ёрдамга муҳтожлигини билдирди. Шу муносабат билан KUN.UZ ходимлари беморнинг аҳволини ўрганиш мақсадида холис ният ила Ғузорга борди.

Маълум бўлишича, Кучкинова Маҳзуна ёшлигида оғир инфекцияли касаллик билан хасталанган ва 1 ёшидан сўнг Меркацин антибиотикини 3 марта олгани туфайли қулоқ эшитмаслигини орттириб олган. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Республика Ихтисослаштирилган Педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази Маҳзунага “икки томонлама сурункали сенсоневрал эшитиш заифлиги 4-даражаси” ташхисини қўйишган. 

Кишини қувонтирадиган жиҳати шундаки, бу касаллик орттирилган бўлгани сабабли, бугунги юқори технологиялар ривожланган бир пайтда, бу бедаво ташхис эмас. KUN.UZ мухбири Марказ экспертлари билан суҳбатлашганида, Маҳзунада кохлеар имплантацияси амалиёти ўтказилса, у эшитадиган ва шу орқали гапира оладиган бўлишини тасдиқлашди. Фақат бунинг учун унга кохлеар имплант ўрнатиш талаб этилади. 

Бугунги кунда бундай имплант қурилмасини айни марказ мутахассислари Москвадан келувчи жарроҳ билан ҳамкорликда Тошкентнинг ўзида бир неча йиллардан бери амалга ошириб келмоқда. Маҳзунага ҳам шу қурилмани ўрнатиш учун 135 млн 400 минг сўм лозим. Бироқ унинг ота-онасининг қўли калталиги қизининг эшитиш ва шу орқали сўзлаш неъматидан баҳра олишига тўсқинлик қилмоқда. Биз Марказда кохлеар имплант ўрнатган беморларнинг ота-оналари билан ҳам гаплашдик. Қизалоқларнинг алифбо китобини баралла ўқиб бераётганига ҳам гувоҳ бўлдик. 

Таъкидлаш ўринлики, юртимизда хайр истаган, савобли амалларни кўплаб қилиш истагида бўлган, бунинг учун моддий имконияти етарли бўлган ватандошларимиз, бой-бадавлат фуқароларимиз жуда кўп. Бундан ташқари, имконият даражасида хайр-эҳсон қилиш барчамизга маънан куч бериши, иймонимизга қувват, охиратга захира бўлиши ҳам бор гап. 

Маҳзунанинг кохлеар имплантация амалиёти ўтказиши учун қўлдан келгунича ёрдам бермоқчи бўлганлар унинг онаси Ишмаматова Ҳулкар номига очилган сўм карточкасига пул ўтказишлари мумкин. 

Хайрия қилмоқчи бўлганлар:
пластик карта орқали:(Click. Payme)
Ишмаматова Ҳулкар
Агробанк - 8600 0423 0582 9698

Хориждан саховат кўрсатишни истаганлар учун: 
ISHMAMATOVA HULKAR
VISA CARD – 4187 8200 0005 8345 
МФО 00157
Ҳисоб рақами 2261 8840 1990 7913 6901
SWIFT – PAKHUZ22

Ишмаматова Ҳулкар: +998 91 212 87 21
Зайниддин:                  +998 90 979 46 35
                                       +998 97 751 87 77