Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тасарруфидаги УЯ-64/49-сонли муассасада хўжалик ишларини бажариш учун қолдирилган 30 ёшгача бўлган маҳкумлар билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси очиқ мулоқот ўтказди, деб хабар беради KUN.UZ’га ЁИ вилоят кенгаши матбуот хизмати.

Мамлакатимизда жиноятчилик ва уни келтириб чиқарувчи шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга ошириш жараёнида Ёшлар иттифоқининг Қашқадарё вилоят кенгаши томонидан ёшларнинг ҳуқуқбузарлик йўлига ўтишларининг олдини олишга катта эътибор қаратилиб келинмоқда.

Ўтказилган суҳбат ва ўрганишлар натижасида ёшлар ўртасидаги барча ножўя ҳолатлар, асосан оиладаги нотинчлик ва доимий иш билан банд эмаслигидан келиб чиқмоқда. Ҳуқуқбузарлик содир этган ёшларнинг 62,2 фоизи бўш вақтларини кўчада ўтказишмоқда.

— Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун, авваламбор, ахборот-таҳлил ишлари йўлга қўйилиб, вилоятда ёшлар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг умумий ҳолати, миқёси, таркиби, табиати ва динамикаси тўғрисида маълумотлар базаси яратилди, — дейди вилоят Кенгаши раиси Ш.Сатторов. — Ушбу маълумотлар асосида содир этилган жиноятнинг иссиғида очиш, айбланувчи шахслар ва уларнинг оила аъзолари билан якка тартибда учрашув ўтказиб, келгусида бошқа жиноят содир этилмаслиги учун тегишли профилактик тадбирлар ўтказиш йўлга қўйилган.

Алоҳида қайд этиш жоиз, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги муҳим муаммолардан бири ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жамоат ташкилотларининг профилактик таъсири доирасига асосан ҳуқуқбузарлик содир этганидан кейин тушадилар.

Шунинг учун ҳам, вилоят Кенгаши томонидан ёшларнинг ғайриижтимоий ҳулқ-атворини дастлабки босқичда аниқлаш, уларни жиноят содир этилишига йўл қўймаслик юзасидан, уларнинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий қарашларини юксалтиришга ҳамда қонунга итоаткорлик хулқини шакллантиришга қаратилган тарбиявий ва ташкилий хусусиятга эга бўлган кескин чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Очиқ мулоқотда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раиси Шомурод Сатторов ва муассаса раҳбарияти томонидан жорий йил 15 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган видеоселекторда кўтарилган масалалар ва мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳатлар инсон манфаатларини кўзлаб олиб борилаётгани, ёшларга оид  давлат сиёсатининг аҳамияти ва моҳияти хусусида фикр мулоҳазалар юритилди.