Кореялик қурувчилар Тошкент шаҳрида янги гольф комплекси ҳамда аҳоли учун турар-жой биноларини барпо этади. Бу ҳақда Leaders Country Club Co., Ltd., Keumdo Group Co. Ltd ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўртасида имзоланган келишувда маълум қилинган.

Келишувга кўра, гольф комплекси лойиҳасининг умумий қиймати 70 млн. АҚШ долларига баҳоланган, шунингдек, ушбу маблағлар Жанубий Корея томонидан Ўзбекистонга олиб кириладиган тўғридан-тўғри сармоя орқали қопланади. Keumdo Group Co. Ltd​ билан тузилган келишувга кўра, кўп функцияли уй-жой қурилишига 8 млн. АҚШ доллари йўналтирилади.

22 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестиция давлат қўмитаси ҳамда Jeil Construction​ раҳбарияти ўртасида тузилган келишувга кўра, Тошкент вилоятида умумий қиймати 6 млн. АҚШ долларига тенг энерго самарадор эко-қишлоқ лойиҳаси барпо этилади.

Жанубий Кореянинг G&W Co. Ltd вакиллари эса 28 млн. АҚШ долларига тенг сармоя билан Tashkent City халқаро ишбилармонлик марказини қуришда иштирок этиши маълум бўлди. Bomi Engineering and Construction​ компанияси умумий қиймати 100 млн АҚШ долларига тенг лойиҳа асосида кўп функцияли ишбилармонлик маркази ва меҳмонхона комплексини қуриши билдирилди.