Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси делегацияси Корея Республикасига ташрифи доирасида «Sejin G&E Co. Ltd​» компанияси вакиллари билан Ансан шаҳридаги чиқиндиларни қайта ишловчи «Ansan Recycling Center​» корхонасига ташриф буюришди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар беради.

Мазкур ташриф чоғида Қўмита ҳамда «Sejin G&E Co. Ltd​» компанияси ўртасида қаттиқ маиший чиқиндиларни утилизация қилиш ва қайта ишлаш, Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган Тошкент шаҳар полигонида чиқиндихона газини қайта ишлаб, ундан электр ва иссиқлик энергиясини олиш технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқишни кўзда тутувчи меморандумни имзолаш режалаштирилган. Лойиҳанинг умумий қиймати эса 50-60 млн.АҚШ доллари миқдорида баҳоланган.

Чиқиндиларни қайта ишловчи «​Ansan Recycling Center​»​ корхонаси қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаш билан шуғулланиб, Ансан шаҳрининг 750 минг аҳолисига хизмат кўрсатади. Қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлашнинг йиллик ҳажми 15 минг тоннадан зиёдни ташкил этади. Бугунги кунда корхона қаттиқ маиший чиқиндиларнинг 80 фоизгача бўлган фойдали компонентларини саралаш имконини берувчи замонавий технологиялар билан таъминланган.