Чемпионлар лигасининг 5-туридаги сешанба кунги учрашувлар якунларига кўра, турнирда доимий равишда плей-офф босқичларида ўйнаб келган Германиянинг «Боруссия» ва ўтган мавсумда ярим финалда қатнашган Франциянинг «Монако» клуби гуруҳ босқичидаёқ турнирни тарк этадиган бўлди.

Немислар жамоаси ўз уйида «Тоттенҳэм»га мағлуб бўлди (1:2).

Дортмундликлар энди Европа Лигасида ўз омадини синаб кўриши мумкин бўлади.

Охирги турни жамоа кейинги босқичга иккинчи ўрин билан чиққан «Реал»га қарши ўтказади.

«Монако» эса «Лейпциг»га ўз майдонида 1:4 ҳисобида мағлуб бўлди ва 2 очко билан охирги ўринда қолди. Бу гуруҳда «Бешиктош» 11 очко билан биринчи ўринда, иккинчи ва учинчи ўринларда «Порту» (7) ҳамда «Лейпциг» (4) жойлашган.