Москва шаҳрининг Симонов суди Ўзбекистон фуқароси бўлган аёлни беш йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида қарор чиқарди. У ўз ватандошининг фарзандини сотиб юборган. Бу ҳақда Москва прокуратураси матбуот хизмати хабар берган.

Маълум қилинишича, Москванинг Симонов туман суди Ўзбекистоннинг 59 ёшли фуқароси Сабоҳат Ортиқовага нисбатан очилган жиноий иш бўйича айблов қарорини чиқарган. Аёл танишларининг фарзандини сотиб юборгани учун судланди.

Айбланувчи Москва вилоятида ўзбекистонлик жуфтлик билан танишган, улар 2016 йилнинг февралида Ўзбекистонга жўнаб кетишлари чоғида Ортиқовага ўзларининг икки ойлик ўғилларини қолдириб кетишган. Ортиқова болага ойига 27 минг рубль эвазига қарашга рози бўлган. Орадан уч ой ўтиб эса аёл болани сотишга қарор қилган ҳамда бу борада бошқа бир танишига мурожаат қилган. Шундан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари воқеадан хабар топишди.

2016 йилнинг 25 май куни Ортиқова Ленин шоҳкўчасидаги учрашув давомида болани 120 минг рублга сотиб юборган, шундан сўнг у полиция ходимлари томонидан қўлга олинди.