Бугун, 22 ноябрь куни соат 21:00 атрофида таниқли кино ва театр актёри Шуҳрат Нуралиев 37 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Бу маълумотни KUN.UZ’га Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Маданият вазирлигидаги манбалар тасдиқлади.

Актёр Эндокринология институтига ётқизилгач, маълум вақт комада бўлди. Лекин у ўзига келмай жон берди.

Бундан аввалроқ KUN.UZ нашрининг актёр вафоти ҳақида ўз манбаларига асосланиб тарқатган хабари марҳумнинг яқинлари томонидан рад этилган, бу ҳолат бошқа нашрларнинг истеҳзоли муносабатларини келтириб чиқарганди. 

Шуҳрат Нуралиев 1980 йил 5 ноябрь куни таваллуд топган. Маннон Уйғур номидаги Тошкент давлат санъат институтини тамомлаган.

Марҳум ижодкор халқимизга Ўзбек Миллий академик драма театридаги роллари билан танилган. Шунингдек, Нуралиев «Осмондаги болалар», «Девона», «Улфатлар-2», «Янги бой», «Севгинатор-2», «Зарб» картиналаридаги такрорланмас образлари билан томошабинлар меҳрини қозонган эди. Бундан ташқари, Нуралиев 5 та фильмни режиссёр сифатида суратга олганди. 

Марҳум сўнгги пайтларда «Жассар театр шоу» хусусий театрида бош режиссёр сифатида ишлаб келаётганди. 

Шунингдек, Шуҳрат Нуралиев Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг жамоасида бадиий раҳбар сифатида ҳам фаолият юритиб келган. 

KUN.UZ таҳририяти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.