20 ноябрь куни қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш давлат тизими ташкилотларини кадрлар билан таъминлашни яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида соғлиқни сақлаш давлат тизими ташкилотлари ходимларини ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касб ва лавозимда ишлаш тартиби такомиллаштирилди. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизматининг «Kun.uz»’га хабар қилишича Энди шифокорлар учун ўриндошлик асосидаги иш вақтининг давом этиши бир ойлик норма миқдоригача белгиланишига рухсат берилди. Тиббиёт ходимларининг бошқа тоифалари учун эса ойлик норманинг ярмидан ортиқ бўлмаслиги белгиланди.

Мазкур қарорга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сон билан тасдиқланган «Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида»ги низомига ҳам қатор ўзгартиришлар киритилди.

«Ходимнинг асосий иши меҳнатнинг ноқулай шарт-шароитлари билан боғлиқ бўлган ҳолда ўриндошлик асосида шундай ноқулай шарт-шароитларда ишлашини (жумладан, лаборатория, рентген, радиология ва ҳ.к.) тақиқлаш, шунингдек, ўриндошлик асосида ишлашнинг давомийлиги ходимларга белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас, деган чеклов бекор қилинди. Янада аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, шифокорлар учун ҳар иккала — асосий ва ўриндошлик фаолияти ноқулай шарт-шароитлар билан боғлиқ бўлган ишларда ҳам ишлашига рухсат берилди. Бундан ташқари, бюджет ташкилотларида бир неча касб ва лавозимда ишлаганлик, хизмат кўрсатиш зонасини кенгайтирганлик, иш ҳажми кўпайганлиги учун қўшимча ҳақ тўлаш миқдори бир неча касб ва лавозимда ишлагандаги лавозим маошининг 50 фоизигача кўтарилди. Илгари ушбу миқдор 30 фоизни ташкил қилар эди» — дейди республика  соғлиқни сақлаш вазирлиги Иқтисодиёт, молиялаштириш ва истиқболни аниқлаш бош бошқармаси бошлиғи Миразим Мирталипов.