Туркия хавфсизлик кучлари мамлакат Молия вазирлигининг 82 нафар собиқ ходимини қўлга олиш бўйича амалиёт ўтказмоқда. Улар мухолифатчи Фатҳуллоҳ Гуленнинг ташкилоти - FETO билан алоқадорликда гумонланмоқда. Бу ҳақда NTV телеканали ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларидаги манбага таянган ҳолда хабар берди.

Ҳибсга олиш тўғрисидаги ордерлар Анқара прокуратураси томонидан берилди, айни дамга келиб 17 нафар гумонланувчи ушлангани айтилмоқда. Таъкидланишича, уларнинг бари ByLock дастури фойдаланувчилари ҳисобланади. Бу дастур эса, Туркия ҳукуматига кўра, FETO аъзолари томонидан шифрланган хабарлар алмашишда ишлатилади.

Эслатиб ўтамиз, Туркияда 2016 йилнинг 16 июлига ўтар кечаси бир гуруҳ исёнчилар ҳарбий тўнтаришга уринишни амалга оширишди. Асосий қарама-қаршилик Анқара ва Истанбулда юз берди. 240 дан ортиқ фуқаро ҳалок бўлди, 2 мингдан кўпроқ инсон жароҳатланди, исён бостирилди. Туркияда шундан сўнг 50 мингдан ошиқ киши ҳибсга олинди, 140 мингдан кўпроқ давлат хизматчиси лавозимидан бўшатилди ёки ишдан четлатилди.