Швейцариялик теннисчи Рожер Федерер кетма-кет иккинчи марта Forbes журналининг жаҳон спортидаги энг қимматбаҳо номлар рейтинги етакчиси бўлди. 

Forbes мутахассислари Федерер брендини 37,2 млн. долларга баҳолашди: унинг маркетингдан оладиган даромадлари (маош, бонуслар ёки мукофот пуллари кирмайди) энг кўп ҳақ олувчи 10 нафар теннисчининг бу борадаги ўртача кўрсаткичидан кўпроқни ташкил қилади.  

Мавсумни иккинчи рақамли теннисчи сифатида якунлаётган Федерернинг бренди қиймати бир йил аввалгидан 3,3 фоиз кўпроққа баҳоланган. Таъкидланишича, унинг охирги маркетинг битими Barilla компанияси билан тузилган ва 5 йилга мўлжалланган. Бу битим теннисчига 40 млн. доллар фойда келтиради.

Рейтингнинг 2-ўрнини Миллий баскетбол уюшмаси ўйинчиси Леброн Жеймс эгалламоқда. У Nike, Coca-Cola, Kia Motors ва Intel компаниялари билан ҳамкорлик қилади. 

3-ўринни енгил атлетикачи Усэйн Болт 27 млн. доллар билан эгаллади. Спортчи 2017 йилда фаолиятини якунлади. Охирги йил ичида унинг хомийлари рўйхати Mumm (шампан виноси), XM (брокерлик компанияси), Kinder, Advil (дори воситаси) ва Sprint (АҚШ телекоммуникация компанияси) ҳисобига кенгайди. 

Дунёнинг энг катта ҳақ олувчи футболчиси Криштиану Роналду етакчи учликка кира олмади. 4-ўринни эгаллаган Роналдунинг маркетинг даромадлари 21,5 млн. долларни ташкил қилган. 2016 йилда Nike компанияси Роналду билан умрбод келишув тузилганини эълон қилган. Бу келишув 1 млрд долларга баҳоланган. 

Спортдаги энг қимматбаҳо номлар етакчи ўнталигидан шунингдек гольфчилар Фил Микельсон, Тайгер Вудс ва Рори Макилрой, крикетчи Вират Кохли, футболчи Лионель Месси ва баскетболчи Стефен Карри ҳам ўрин олган.