АҚШ ҳукумати ИШИД яксон қилингандан кейин ҳам Суриядан қўшинларини олиб чиқмасликни ва мамлакат шимолида янги ҳокимиятни таъсис этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда бир қатор манбаларга иқтибос келтирган ҳолда The Washington Post нашри хабар бермоқда. 

Манбаларнинг айтишича, АҚШ қўшинларининг Суриядан бирданига олиб чиқилиши президент Башар Асадга “Сурия ҳудудини босиб олишни якунлашга” ёрдам бериши ва унга “сиёсатда қолиш”ни кафолатлаши мумкин.

“Бу Суриянинг энг яқин иттифоқдоши Эрон учун ғалаба билан тугайдиган якундир”, деб таъкидламоқдалар АҚШ ҳукуматидаги манбалар.

Бундай якундан қочиш учун АҚШнинг расмий шахслари Сурия шимолида ҳарбийларни қолдиришни ва у ерда Асад ҳукуматидан холи маҳаллий ҳокимиятга асос солишни режалаштирмоқдалар.

АҚШ вакиллари қўшинларни “Сурия демократик кучлари”ни қўллаб-қувватлаш ва шу аснода Асадни Женевадаги музокаралар вақтида ён босишга мажбур қилиш учун ҳам ушлаб туришмоқчи.

Амалдорларнинг таъкидлашича, “АҚШ қўшинларининг Сурияда доимий бўлиши ИШИДнинг қолган унсурларини йўқ қилиш учун ҳам зарур”.

“АҚШ маъмурияти Сурияда бўлишини кенгайтириш билан бирга Россия билан янги ҳамкорликка интилмоқда”, деб маълум қилинди нашрда.