Ўзбекистон Республикаси президенти «Ҳунарманд» уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан қуйидагилар «Ҳунарманд» уюшмаси фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгиланди:

биринчидан, ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъатнинг анъанавий турларини сақлаш ва қайта тиклаш, ҳунармандчилик маҳсулотларининг рақобатдошлигини ва сифатини ошириш бўйича тизимли ва мақсадли чора-тадбирларни амалга ошириш;

иккинчидан, аҳолини ҳунармандчилик фаолиятига кенг жалб этиш, ҳунармандчилик соҳасида бандликни кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ҳунармандларни давлат рўйхатига олишда кўмаклашиш, ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланувчи шахсларнинг ягона реестрини юритиш;

учинчидан, ҳунармандчилик соҳасидаги қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, ҳунармандларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда иштирок этиш, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда давлат органларида ҳунармандларнинг манфаатларини ифодалаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

тўртинчидан, ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш марказларини ташкил этиш ва такомиллаштириш, сайёҳлар учун жозибадор бўлган ҳунармандчилик объектлари яратиш;

бешинчидан, ҳунармандчилик маҳсулотларини кенг жамоатчилик орасида оммалаштириш, истеъмолчиларга ҳунармандчилик маҳсулотларини истеъмолчиларга сотиш, жумладан уларни экспорт қилишни рағбатлантириш, учун қулай шарт-шароит ва зарур инфратузилмани яратиш;

олтинчидан, ҳунармандчилик соҳасида авлодлар ворислигини таъминлаш, ҳунармандларнинг ёшларни меҳнатсеварлик, инсонпарварлик ва миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялашда фаол иштирокини рағбатлантириш, «Уста-шогирд» мактабларини такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш.

Қуйидагилар «Ҳунарманд» уюшмасининг даромадларини шакллантириш манбалари этиб белгиланди:

«Ҳунарманд» уюшмаси аъзоларининг аъзолик бадаллари;
халқаро донорларнинг грантлари, ҳомий ташкилотларнинг маблағлари;
вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банкларининг депозитларига ва бошқа молиявий воситаларга жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;
пуллик хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар;
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа тушумлар.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, «Ҳунарманд» уюшмаси ҳунармандчилик маҳсулотларини узоқдаги туманлар (шаҳарлар)дан сотиб олиш ва келгусида йирик шаҳарларда сотиш ҳамда экспорт қилиш учун «Ҳунарманд» уюшмаси ҳузурида савдо-харид қилиш корхоналари ташкил этилишини икки ой муддатда таъминлайди.

«Ҳунарманд» уюшмасига касаначилик маҳсулотлар (ишлар ва хизматлар) ишлаб чиқариш функциясига эга бўлган таркибий бўлинмалар ташкил этиш, шунингдек, пудратчи корхоналар сифатида, айниқса республиканинг қишлоқ ва узоқ туманларида, касаначилар билан ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича шартномалар тузиш ҳуқуқи берилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Республика ҳунармандчилик марказини ташкил этиш ҳамда ҳунармандчилик маҳсулотлари ва миллий либослари кўргазма-ярмаркаларини доимий равишда ўтказиш мақсадида Олмазор тумани, Зарқайнар кўчаси, 1-уй манзилида жойлашган «Зарқайнар» миллий либослар галереясини «Ҳунарманд» уюшмасига бириктиради.

«Ҳунарманд» уюшмаси Тошкент шаҳар, Дўмбробод кўчаси, 74-уй манзилига жойлаштирилди.