Аргентина ҳарбий-денгиз кучлари (ҲДК) San Juan сув ости кемаси охирги марта алоқага чиққан жой яқинида у йўқолган куни – 15 ноябрда портлаш юз бергани ҳақида маълумот олди. Бу ҳақда Аргентина ҲДК вакили Энрике Бальби маълум қилди. 

“Бизга аномал, қисқа, кучли, портлашга мос бўлган ноядровий характердаги битта ҳодиса бўлганини маълум қилишди”, деб айтган Бальби матбуот анжуманда. 

Бальбининг айтишича, бу маълумотни Австрия тақдим қилган. Унинг таъкидлашича, ушбу ҳодиса қайд қилинган жой аввалроқ Аргентинага АҚШ маълум қилган “гидроакустик ҳодиса” қайд қилинган нуқта билан мос тушмоқда.

Бальбининг маълум қилишича, Аргентина ҲДКнинг 3 та кемаси “сув ости кемаси билан алоқа ўрнатиш” учун бу ҳудудда патруль назорати олиб бормоқда. Уларга 23 ноябрда яна 6 та кема қўшилган. Портлаш қайд қилинган жой устидан АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг Boeing P-8 Poseidon самолёти кузатув олиб бормоқда. “Бошқа ҳудудларда ҳам қидирув давом этмоқда”, деб қўшимча қилди Бальби.

Аргентинага берилган маълумотларга кўра, портлаш кема йўқолган куни маҳаллий вақт билан соат 10:31 да қайд қилинган. Кема эса охирги марта алоқага соат 7:30да чиққан.