Республикага хориждан импорт қилинаётган товарлар учун давлат бюджетига ундириладиган божхона тўловлари аслида аҳолига иш ҳақи, стипендия ва нафақалар тарзида сарф этилиши ҳеч кимга сир эмас. Ана шу оддий ҳақиқатни тушуниб етмаётган, айрим қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар эса божхона тўловларидан бўйин товлаб, шахсий манфаатлари учун турли найрангларга қўл уришмоқда.

Фарғона вилояти божхона бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, куни кеча Фарғона вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ана шундай уринишлардан бир нечтаси фош этилди.

Гап шундаки, “Водил-Фарғона” йўналишида ҳаракатланаётган Dongfeng русумли юк автомашинаси чегара назорат ҳудудларида келиб кетиши шубҳали кўринганлиги боис, назоратга олинди. Фуқаро М.Эргашев бошқарувида бўлган юк автомашинаси Фарғона шаҳар "Ёрмозор" МФЙ ҳудудидаги жойлашган рақамсиз хонадон ичига кирган вақтида тўхтатилиб, кўздан кечирилди.

Натижада автомашина борт қисмининг тагида ташқи томондан кўринмайдиган қилиб яширин равишда, божхона назоратини четлаб айланма йўллар орқали олиб кирилган, умумий қиймати 30 млн. сўмлик жами 15.000 дона Orbit номли сақичлар борлиги аниқланди.

Шунингдек, ушбу автомашина кирган хонадон кўздан кечирилганида, хонадоннинг яшаш хоналарида сақланаётган, Қирғизистон Республикасидан божхона назоратини четлаб айланма йўллар орқали олиб кирилган, ҳужжатлари бўлмаган умумий қиймати 50 млн. сўмлик: 78 дона эркаклар жинси шими, 210 дона Nestle номли шоколадлар, 22840 дона Orbit номли сақичлар борлиги аниқланди.

Шу билан бирга олиб борилган тезкор тадбир давомида автомашина эгаси М.Эргашевнинг Фарғона туманидаги яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилди, хонадонга киришда дарвозахонаси ёнида муқаддам Қирғизистон Республикасидан божхона назоратини четлаб, айланма йўллар орқали олиб кирилган, қиймати 6 млн. сўмлик 3000 дона Orbit номли сақичлар сақланаётгани аниқланди.

Ўтказилган тадбир давомида умумий қиймати 86 млн.630 минг сўмлик товар моддий бойликлари ашёвий далил тариқасида олинди.

Ҳудди шундай қонунбузарлик ҳолати фуқаро А.Мамасидиқов томонидан ҳам содир этилди. Унинг бошқарувидаги “Ласетти” русумли автомашинасида ёқилғи қуйиш баки ичига умумий қиймати 108 млн.650 минг сўмлик жами 98 дона REDMI 4X маркали уяли телефон аппаратлари ҳамда автомашина захира балонида 1700 дона қошиқ маҳсулоти яширилган экан.

Божхоначиларнинг кўзини шу тариқа шамғалат қилишга уринган қонунбузарлар бу усуллари билан давлат бюджетига ундирилиши лозим бўлган 35 млн. сўмдан ортиқ божхона тўловларидан бўйин товлашган.

Афсуски, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш ўрнига эгри йўлларни ихтиёр қилган тадбиркорлар божхона тўловларидан бўйин товлаш орқали мамлакатдаги ички рақобат муҳитига ҳам зиён еткизибгина қолмай, аҳоли саломатлигига жиддий зиён етказишини ўйлаб кўрмаётган бўлсалар.