Россия сенатори Сулаймон Керимовга пулларни ноқонуний йўллар билан ўтказиш ва солиқларни тўлашдан бош тортиш айби илгари сурилди. Бу ҳақда РИА Новостига Ницца прокурори Жан-Мишель Прэтр маълум қилди.

"Унга нисбатан солиқларни тўламаслик ва бу маблағларни ноқонуний ўтказиш айби эълон қилинди. Энди суд эҳтиёт чораси кўриш масаласини ҳал этади", — деган прокурор агентликка. 

Керимов Франция полицияси томонидан 20 ноябрь куни ҳибсга олинган эди. 22 ноябрда уни сўроқ қилишган. Суд терговчиси унга айблов эълон қилиш ёки қилмаслик масаласини ҳал этади. Шундан келиб чиқиб суд эҳтиёт чорасини танлайди.
 
"Бу қамоққа олиш ҳам бўлиши мумкин ёки уни шунчаки озод этишлари ҳам эҳтимол. Ё бўлмаса баъзи шартлар билан озод этишлари мумкин, масалан, чиқиб кетмаслик бўйича шарт билан", — деган прокурор РИА Новостига.