Айни ёз чилласида АҚШнинг Виржиния штати, Александрия шаҳрига ишлаб келиш учун йўл олган Анвар Хуррамов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) кўп ўтмай ресторанлардан бирига ошпаз бўлиб ишга жойлашади. Иш жойига яқин бўлган уйдан ижарага жой ҳам топади, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.

Ишдан бўш пайтларида қўл телефонини титкилаб, интернетга қизиқиб қолади. Оқибатда диний таълимотларга қизиқиб, тармоқ орқали турли маълумотлар олишни бошлайди. Шу тариқа унинг уяли телефон аппаратининг хотирасига интернетнинг “Телеграм” ижтимоий тармоғидан олинган, Ислом динини нотўғри талқин қилувчи турли маълумотлар тўпланади.

А.Хуррамов ана шундай материалларни 2017 йил 16 январь куни Тошкент халқаро аэропортида божхона назоратидан яшириб, юртимизга олиб кирмоқчи бўлганида қўлга олинади. Ушбу иш юзасидан А.Хуррамовга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ва тергов ишлари бошлаб юборилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан берилган хулосага кўра, Анвар Хуррамовдан олиб қўйилган уяли телефон аппарати хотирасида номаълум шахслар томонидан ислом динини ғаразли мақсадларда нотўғри талқин қилувчи ҳамда диний ақидапарастликни тарғиб қилувчи маърузалар мавжуд эканлиги аниқланди.

Яккасарой туман суди томонидан Анвар Хуррамовга уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.