Инсоннинг ўз юртига ва халқига хиёнат қилиши оғир гуноҳдир. Ана шу ҳақиқатни англаб етмаганлар бугун оиласи, халқи, Ватанига хоинлик қилиш йўлига кириб қолмоқда.

Аммо улар бундай қабиҳликлар ортида аччиқ қисмат ётганлигини афсуски, кеч англамоқда. Самарқандлик Расул Толибов (исм-фамилиялар ўзгартирилган), Бегзод Жасуров, Жамшид Жалилов, Алижон Алиев, Сайфулла Набиев, Толлибой ва Олим Шариповлар ана шундай аччиқ қисматга дучор бўлганлардан, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.

Ҳамтовоқлар тил бириктириб, ўз мамлакати конституциявий тузумига тажовуз қилиш мазмунидаги маърузалардан сабоқ олишган. Улар уч йил мобайнида жамоат хавфсизлигига қарши жиноят содир этиш мақсадида Афғонистон, Сурия, Ироқ давлатларида ташкил қилинган диний экстремистик гуруҳлар ғояларини бошқаларга очиқдан-очиқ тарғиб қилишган. Турли давраларда маъруза ва видеоларни қўйиб, диний суҳбатлар ўтказишган. Кишиларни Суриядаги террорчи гуруҳлар сафига қўшилишга даъват этиб, ўзлари ҳам Туркия орқали Сурия давлатига чиқиб кетиш режасини тузганлар.

Уларни жума намозларидаги расмий имомларнинг тинчлик ҳақидаги маърузалари эмас, янги топишган биродарларининг “жиҳод”, “ҳижрат” ҳақидаги гаплари, Сурия ва Ироқда ташкил этилган ислом давлатидаги “кофирлар зулмидан азият чекаётган мусулмон биродарларга қарши дин йўлида жанг қилаётган, “ҳақиқий мусулмонлар” ҳақидаги жўшқин ҳикоялар қизиқтирарди. Янги келганлар биродарларидан турли дисклар, флешкарталарда ёзилган диний экстремистик даъватлар, маърузалар, аудио-видеороликларни мунтазам тинглар, билар-билмас суралар ёдлаб, “билимини оширарди”. Камига биродарлари билан суҳбатлар мавзуси ҳам фақат шу ҳақда эди.

Аммо улар ўзларининг ёвуз режаларини амалга ошира олишмади, қабиҳ ниятларига етиша олмади. Бу кимсаларнинг жирканч қилмишлари ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан фош этилди.

Тергов давомида жуда кўп ҳолатларга ойдинлик киритилди. Муаззам динимизнинг асл моҳиятини етарлича тушунмасдан, чала-чулпа тушунчаларга кўр-кўрона ишониб, кимларнингдир қўлида қуролга айланишга ҳаракат қилган бундай кимсалардан ҳам нафратланасан, ҳам уларга ачинасан киши. 

Суд ҳукми билан Расул Толибов, Бегзод Жасуров, Жамшид Жалилов, Толлибой ва Олим Шариповлар, Алижон Алиев ҳамда Сайфулла Набиевларнинг ҳар бири 7 йилга озодликдан маҳрум этилди.