Талабалик бахтига эришиш ҳар бир ўқувчининг орзуси. Аммо шундай вазиятлар ҳам кузатиладики, катта меҳнат ва билим билан олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинган талаба маълум сабабга кўра, академик таътил олишга мажбур бўлади.

Шундай сабаблардан бири касаллик туфайлидир. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари талабаларига академик таътил бериш тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қарори билан айни шу масала қайта кўриб чиқилди.

Ушбу ҳужжат 2017 йил 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 393-сонли қарорига мувофиқ қабул қилинди.

Ҳужжатда кўпчиликни қизиқтирган маълумот — таълим муассасалари талабаларига тиббий кўрсатмалар бўйича академик таътил беришга оид касалликлар рўйхатининг янги таҳрири тақдим этилди.  Яъни илгари мазкур рўйхатда бўлмаган бир қатор касалликлар номи киритилди ва рўйхатда мавжуд бўлган баъзи касалликларнинг шакллари ва даражалари аниқ қайд этилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати берган маълумотга кўра, мазкур рўйхат 22 турдаги касалликдан иборат:

  1. Сил касаллигининг фаол ва асоратланган шакллари;
  2. Сурункали кечувчи ўпканинг носпецифик касалликлари билан боғлиқ юрак-ўпка фаолиятлари етишмовчилиги (III даража),
  3. II ва III даражали сурункали қон айланиши бузилиши (Нью-Йорк классификатори бўйича III ва IV даража) билан кечувчи юрак клапанлари ва мушакларининг органик ўзгаришлари;
  4. II ва III даражали қон босимининг ошиши, тез ривожланувчи қон босим ошиши (хавфли гепертония);
  5. Ҳаёт учун хавфли юрак ритми ва ўтказувчанликнинг бузилиши билан кечувчи ҳолатлар: МАС синдроми, АВ қамал II ва III даражаси, синус тугуни заифлиги синдроми, юрак қисқариш сони кундузи бир дақиқада 50 ва ундан паст бўлса, номуқим гемодинамика билан кечувчи пароксизмал тахикардиялар (САБ 90 мм симоб устунидан паст ҳолат);
  6. Барча турдаги хавфли ўсма касалликлари (2 йил олдин радикал даволанганлар бундан мустасно);
  7. Турғун буйрак етишмовчилиги билан кечувчи буйрак ва бошқа аъзолар касалликлари;
  8. Стационар шароитда даволаниш талаб этиладиган ошқозон-ичак тизими яра ва яллиғланиш касалликларининг ўткир даври;
  9. Оғир ва қўшма травматик шикастланишлар;
  10. Стационар шароитда бир ой муддатдан ортиқ даволаниш ва реабилитация қилиш зарур бўлган турли этиологияли жигар касалликлари ва сурункали панкреатит (сурункали гепатитлар, жигар циррози);
  11. Эндокрин касалликларнинг оғир шакли (акромегалия, диффуз токсик бўқоқ, буйрак ости безининг етишмовчилиги, гипотериоз, қандли диабетнинг биринчи тури, Иценко-Кушинг касаллиги);
  12. Қон тизими касалликлари: ўткир ва сурункали лейкоз, идиопатик тромбоцитопеник пурпура, апластик анемия;
  13.  Асаб тизимининг сурункали органик касалликларининг асоратлари натижасида ақл-заковатнинг чуқур ва турғун бузилиши ҳамда психологик бузилишлар;
  14.  Шизофрения барча турларининг хуруж даври;
  15.  Тез-тез такрорланувчи тутқаноқли, тутқаноқсиз ва психоматор хуружлари билан, шунингдек, ҳушнинг хиралашуви ва оғир дисфория билан кечувчи эпилепсия, жумладан: кам такрорланувчи хуружлар билан шахснинг чуқур ўзгариши ва ақл-заковат бузилиши билан кечувчи эпилепсия, эпилептик психозлар;
  16.  Тез-тез хуружланувчи циклотимия, маникал депрессив психоз ва тез-тез такрорланувчи маникал депрессив ҳолатлар;
  17. Психопатиянинг тез-тез декомпенсацияланиши билан кечувчи турлари;
  18. Оғир, сурункали кечувчи тери касалликлари: асоратланган псориаз, пўрсилдоқ яра, Лайелл синдроми, Стивенс-Жонсон синдроми;
  19. Захмнинг юқумли босқичи;
  20. Трахоманинг I, II ва III даражалари;
  21.  Гиёҳвандлик, токсикоманиянинг барча турлари (тамакига тобелик бундан мустасно):
  22.  Ортирилган иммунитет танқислиги синдроми (ОИТС/ОИВ).

Маълумот учун, талабага саломатлигини тиклаш мақсадида бериладиган академик таътил у доимий тиббий назоратда турган тиббиёт муассасаси комиссиясининг хулосаси илова қилинган аризага кўра, 12 ой муддатга тақдим этилиши мумкин.