Бухоро вилояти ҳудудида турли жиноятлар содир этиб тергов органларидан яшириниб юрган, қидирувда бўлган шахсларни ушлаш, уларга нисбатан қонунларда белгиланган жазонинг муқаррарлигини таъминлаш мақсадида ички ишлар органлари ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида бир неча нафар қидирувда юрган шахсларнинг қўлга олинишига эришилди. 

Жумладан, ўтказилган “Қидирув” тадбири давомида, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 105-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилиб яширинганлиги учун Бухоро шаҳар ИИБ ТБ томонидан қидирув эълон қилинган, Бухоро шаҳар Мустақиллик кўчаси 1-уй, 15-хонада яшовчи,   1989 йилда туғилган Дилшод Турсунов Россия Федерациясининг Москва шаҳрида қўлга олинган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 273-моддаси 5-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганлиги учун тергов органларидан яшириниб юрган, 2014 йилдан буён қидирувда бўлган, Ғиждувон тумани, Сармазор кўчаси 73-уйда яшовчи, 1977 йилда туғилган Олим Шарипов ушланиб қамоққа олинди.

Шунингдек, ўтказилган “Қидирув” тадбири давомида, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 166-моддаси 2-қисми ва 277-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятларни содир этганлиги учун 2016 йилдан буён қидирувда бўлган, Олот тумани, Майин қишлоғида яшовчи, 1996 йилда туғилган Қиличбек Маматқулов Россия Федерацияси Москва шаҳрида қўлга олиниб, Ўзбекистон Республикасига экстрадиция қилинган ва вилоят ИИБ 3-ТҲга жойлаштирилди.