Россиянинг Олтой ўлкаси корхоналари Ўзбекистон компаниялари билан машинасозлик ва РФда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги техникасини хорижий бозорга чиқариш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ниятида. Бу ҳақда 22 ноябрь куни Сибирь минтақаси делегациясининг Ўзбекистонга амалий ташрифи доирасида Олтой ўлкаси ҳукумати раисининг ўринбосари Виктор Мешчеряков журналистларга маълум қилди. 

"Олтой ўлкаси – қишлоқ хўжалиги минтақаси, шунинг учун Россия бозорида қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш ҳажмининг 13-14 фоизига эгалик қиламиз. Ўзбекистон корхонаси билан бизнинг эҳтиёт қисмлар ва қишлоқ хўжалик техникамиздан фойдаланиш бўйича шартнома имзоланади. Геология бўйича қўмита билан "Алтайгеомаш" заводимиз бурғилаш қурилмаларини етказиб беришда давом этишига келишиб олдик. Ҳозирги пайтга қадар 400 дан ортиқ шундай қурилма олиб келинган", - дея айтиб ўтди Мешчеряков.

Шунингдек, унинг сўзларига кўра, Олтойдаги озиқ-овқат дўконлари тармоғи Ўзбекистонга 10 млн. рубллик мева-сабзавот маҳсулотини етказиб беради. Келажакда, Мешчеряковнинг айтишича, Олтой ўлкаси ҳукумати Ўзбекистон темир йўллари билан ҳам келишув имзолаши мумкин. Бу Сибирдан Ўзбекистонга маҳсулотни тўғридан-тўғри, Қозоғистон транзит нуқталаридан ўтмай туриб етказиб беришда ёрдам кўрсатади.