Тожикистоннинг 26 ёшли фуқароси Муртазо Маҳмудзода Санкт-Петербургда Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходимига ҳужум қилишда гумонланмоқда, деб хабар берди Россия ОАВ.

22 ноябрь куни эркак ФХХнинг Санкт-Петербургдаги бошқармаси биносига кириб, биринчи дуч келган ходимга ҳужум қилган.

Эркаклар муштлашиб кетишган, сўнг бошқа бир ходим чопиб келган, кейинчалик эса яна бир неча киши югуриб келиб, ҳужум қилган шахсни ушлашган.

«Фонтанка»нинг ёзишича, ФХХ ходими билан муштлашув уюштирган эркакнинг шахси туман полициячилари томонидан аниқланди.

Қўлга олинган шахс – Тожикистоннинг 26 ёшли фуқароси Муртазо Маҳмудзода. У 2014 йилда миграция қонунчилигининг барча нормаларига риоя этган ҳолда, Калининград вилоятига кўчиб келган ҳамда дактилоскопиядан ўтган. Унинг бармоқ излари федерал базада сақланган.

Айни дамда Муртазо Маҳмудзодага нисбатан жиноий иш қўзғатиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Муртазо шаҳардаги 6-сон руҳий касалликлар шифохонасига юборилган.