Самарқанд вилоят матбуот уйида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишлаб вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши ҳамда Ўзбекистон шахмат федерацияси вилоят бўлими ҳамкорлигида шахмат бўйича «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари соврини учун мусобақа ўтказилди.

Тадбирнинг очилиш маросимида вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев, Ўзбекистон шахмат федерацияси вилоят бўлими ижрочи директори Абдуваҳоб Воҳидов, «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Фармон Тошев юртимизда шахмат спортини кенг тарғиб этиш ва оммалаштириш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг тафаккур даражасини ўстириш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш мақсадида ибратли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

— Бугун дунё аҳолисининг беш юз миллиондан ортиғи шахмат билан шуғулланади, — дейди Ўзбекистон шахмат федерацияси вилоят бўлими ижрочи директори А.Воҳидов. — Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ)га аъзо давлатларнинг сони 170 тани ташкил этади. Ўзбекистон ҳам шубҳасиз, ана шундай мамлакатлар сирасига киради. Мустақиллик йилларида спортнинг мазкур турини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Салкам қирқ беш йиллик тарихга эга Самарқанд шахмат мактаби эса Ш.Сафин, А.Анорқулов, Ж.Воҳидов, А.Барсов, М.Жумаев ҳамда Т.Воҳидов каби олти нафар халқаро гроссмейстерларни тарбиялади.

Мусобақада Самарқанд вилоятининг туман ва шаҳарларидан ташриф буюрган 18–60 ёшдаги 70 нафарга яқин ҳаваскор шахматчилар ўзаро баҳсга киришди.

Муросасиз кечган мусобақанинг эркаклар баҳсида биринчи ўрин Нуробод туманининг Олтинсой маҳалласида яшовчи Ҳ.Суюновга насиб этди. Иккинчи ўринга Каттақўрғон шаҳар Дўстлик маҳалласидан Ю.Александров лойиқ топилди. Иштихон туманининг Дамариқ маҳалласидан келган Д.Саматов учинчи ўринни қўлга киритди.

Аёллар ўртасидаги беллашувларда Самарқанд шаҳрилик Ф.Воҳидовага тенг келадигани топилмади. Оқдарё туманининг Миёнқол, Тойлоқ туманининг Дўстлик маҳаллаларида яшовчи шахматчилар Ф.Худойбердиева, Д.Самиева иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллашди.

Fолиб ва совриндорларга ташкилотчилар ҳамда мусобақа ҳамкорлари — Паст Дарғом туманидаги «Бека Чарос» хусусий корхонаси, «Матбуот уюшмаси» МЧЖ, «Соғлом авлод» хайрия жамғармалари томонидан қимматбаҳо совғалар ва фахрий ёрлиқлар топширилди.

Ўз мухбиримиз.

Бахтиёр Мустанов олган суратлар.