АҚШнинг Tesla корпорацияси Австралияда Powerpack деб номланган улкан литий-ионли аккумуляторни қуришни ва ўрнатишни якунлади. Бу аккумуляторнинг қуввати 100 МВт га яқинни ташкил қилади. Бу ҳақда Австралиянинг ABC телекомпанияси маълум қилди. 

Аккумулятор Жеймстаун шаҳри (Жанубий Австралия штати)  яқинида ўрнатилган ва Neoen компаниясининг шамол электр станциялари ёрдамида қувватланади. Телекомпаниянинг таъкидлашича, яқин кунлар ичида тизимни синовдан ўтказиш режалаштирилган.

“Рекорд муддатларда тизимни яратиш ва ўрнатиш устида ишлаган Tesla ходимлари ва Жанубий Австралия ҳукуматини табриклайман”, деб ёзган твиттерда Tesla раҳбари Илон Маск.

Июлда Жанубий Австралия ҳукумати тендер якунларига кўра аккумуляторни қуришни Tesla‘га ишониб топширгани маълум бўлганди. Маск ўшанда Австралияда энергия жамловчи тизим қурилишини ва у дунёдаги энг кучлиси бўлишини айтганди. Уни яратиш бўйича ишларни декабргача якунлаш режалаштирилганди.  

Powerpack тизими зарурат туғилганда 30 минг уйда яшовчи аҳолини электр энергия билан таъминлашга мўлжалланган. 

Таъкидланишича, 2016 йил сентябрда Жанубий Австралияда бўрон туфайли 1,7 млн. киши  электр таъминотисиз қолган. Жорий йил бошида ҳам электр энергиянинг катта кўламли узилиши билан боғлиқ бир қатор ҳодисалар юз берган. Штат ҳукумати шу воқелардан кейин энергия тўпловчи тизимни яратишга қарор қилган. Powerpack электр таъминотидаги узилишларнинг олдини олишга имкон беришига умид қилинмоқда.